Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Амирсой» курортида 700 тупга яқин ноёб дарахт кесиб ташлангани юзасидан жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида Бош прокуратура 16 сентябрь куни маълум қилди.
Расман билдирилишича, дарахтлар кесилиши ортидан кўрилган зарар 1 миллиард 900 миллион сўмни ташкил қилган.
Иш Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) асосида қўзғатилган.
24 август куни ўтган видеоселекторда президент Мирзиёев дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилгани ҳақида билдирган эди. Бундан ташқари президент октябрь-ноябрь ойларида 55 миллион, келгуси йил баҳор мавсумида 70 миллион дарахт экишга кўрсатма берган.
Президентнинг бундай кўрсатмаларига қарамай, «Амирсой»да 700 туп қимматбаҳо дарахт кесиб ташлангани тўғрисида Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев жамоатчиликка маълум қилган эди.