Анвар қори Турсунов дафн этилди (ВИДЕО)

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Анвар қори Турсунов дафн этилди

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов 13 июнь куни аср намозидан кейин “Минор” қабристонида дафн этилди. Марҳумнинг жанозаси “Минор” масжидида ўқилди.

Маҳаллий нашрларнинг ИИББ Матбуот хизматига таяниб, дафн маросими арафасида хабар қилишича, 13 июнь соат 18:00 дан 20:00 га қадар Тошкент шаҳридаги “Минор” масжиди ва қабристони атрофидаги йўллар вақтинча ёпилди. Шунингдек, бир қатор кўчаларда автотранспорт ҳаракати вақтинча чекланди.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов 13 июнь куни эрталаб вафот этди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Анвар қори Турсунов вафот этди

Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати баёнотида бундай дейилди:

“Бугун, юртимиз мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатларга ҳам сермаҳсул хизматлари билан танилган, муҳтарам устоз Анвар қори Турсунов фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, имом-хатиблар ва мударрислар Анвар қори Турсуновнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этади. Аллоҳ таоло у кишининг қилиб ўтган яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Қолдирган илмий мерослари, мавъизаи ҳасаналаридан халқимиз кўп йиллар манфаатдор бўлишини муяссар айласин. Анвар қори Турсуновнинг охиратлари обод бўлсин” , дейилади мусулмонлар идораси тарқатган расмий билдирувда.

60 яшар Анвар қори Турсунов Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказида 5 апрель куни жарроҳлик амалиëтини бошдан кечирган эди.Ўшандан бери у оғир аҳволда, кома ҳолатида қолаётгани айтиб келинаётганди.

Озодлик радиоси Анвар қори Турсунов инсультга чалиниб оғир жарроҳлик операциясини бошдан кечиргани, кейинроқ комадан чиққани тўғрисида ўз вақтида хабар қилган эди.

Ўтган ҳафтада - 4 июнь ва 8 июнь кунлари ижтимоий тармоқларда Анвар қори Турсуновнинг вафот этгани ҳақида миш-мишлар тарқалганди. Бироқ бу миш- мишлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳар вакиллиги томонидан рад этилган.

ТошДУнинг филология факультети битирувчиси бўлган Анвар қори Турсунов имомлик фаолияти билан шуғулланишдан олдин журналистика ва илмий соҳаларда меҳнат қилган.

1981-1984 йилларда “Ёшлик” журналининг муҳаррири, 1984-1987 йилларда Фанлар Академиясида илмий ходим, 1987-1989 йилларда Абдулла Қаҳҳор уй музейида ишлаган.

1989-1994 йилларда Ёзувчилар Иттифоқи қошидаги Таржималар ва адабий алоқалар марказида шарқ адабиёти бўйича катта муҳаррир бўлган.

1994 йилда имомлик фаолиятини бошлаган Анвар қори Турсунов 2001 йилда Тошкент ислом институтини тамомлаган. У 1999 йилдан шу кунга қадар Тошкентнинг бош имом-ҳатиби бўлиб қолаётган эди.