Андижонда 100 гектар ер учун 135 минг доллар пора сўраган амалдорлар қамалди

Иллюстратив сурат.

Андижонда вилоят ҳокимлигининг икки мансабдори ва яна икки фуқаро фермерга 100 гектар ер ажратиб бериш эвазига 135 минг доллар пора талаб қилганликда айбланиб, узоқ муддатларга қамалди.

Олий суднинг билдиришича, 4 июнь куни Андижон вилоят суди ҳукми билан ҳокимлиги ҳузуридаги “Кичик саноат зоналарини бошқариш ягона дирекцияси” бош мутахассиси лавозимида ишлаган Ойбек Абдужалилов 10 йилу 6 ойга, вилоят ҳокимлиги Иқтисодий тараққиёти ва камбағалликни қисқартириш Бош бошқармаси ғазначиси лавозимида ишлаган Умиджон Солиев 10 йилу 2 ойга кесилди.

Уларга пора олди-бердисида воситачилик қилган “Универсал водий гипс” МЧЖ раҳбари Абдулҳамид Усвалиев ва фуқаро Абдураҳмон Усвалиевлар эса 10 йили 2 ойга озодликдан маҳрум қилинди.

Расман билдирилишича, судланганлар фермерлардан бирига Хўжаобод туманидан 100 гектар ер ажратиб бериш эвазига 135 минг доллар пора сўраган.

Фермер дастлаб 26 март куни бу пулнинг 7 минг долларини берган. 29 март куни қолган 128 минг долларни топширган. Судланганлар порани олаётган пайтда ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Андижон вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.