Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди биносида 27 ноябрь куни шаҳар ИИБ ходимлари томонидан қийноққа солингани оқибатида ҳаётдан кўз юмган 32 ёшли А. Абдукаримов ўлими билан боғлиқ жиноят иши бўйича маҳкама ниҳоясига етди ҳамда суд ҳукми эълон қилинди.
Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбдор деб топилган судланувчилар – Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили лавозимида ишлаган Д. Ҳамралиев 9 йилга, тезкор вакил Қ. Қодиров 10 йилга, тезкор вакил Э. Райимжонов 10 йилга, тезкор вакил Ф. Ҳусанбоев 10 йилга, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган П. Мамажонов эса 8 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, суд Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ навбатчилик қисми навбатчиси вазифасида ишлаган А. Тўрақуловни 1 йил муддатга ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 1 йил озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.
Шу йил 30 май куни Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида касалхонага олиб келинган А.Абдукаримов 11 июнь куни оламдан ўтгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.
Мазкур ҳодиса ҳақида июнь ойи охирида ҳатто Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам эслатиб, ички ишлар идораларидаги қийноқларни кескин танқид қилганди.