Андижонда ер сотилишига ва прокурорга қарши чиққан депутат даҳлсизликдан маҳрум қилинди

Андижонлик депутатнинг сессия пайтида тинтув қилиниши иддао қилинган сурат. Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевнинг телеграм каналидан олиди.

“Андижонда ер сотувчиларнинг кирдикорларини фош қилиб юрган депутат прокурор тақдимномасига кўра дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинди”, деб ёзди ўз телеграм каналида Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев.

Унга кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари депутат дахлсизлиги тўғрисидаги қонун меъёрига амал қилмаган ҳолда Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида бир гуруҳ депутатлар тинтувдан ўтказган. Шундан сўнг сессия иштирокчилари ер сотилишини фош этган депутатни прокурор тақдимномаси асосида дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишган.

“Катта эҳтимол билан депутатларни дахлсизлик ҳуқуқигаям тупуриб тинтув ўтказишга топшириқ берганлар ер сотиш ишларига дахлдор ва депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиб қамашга иштиёқманд "ўша" шахслар бўлиши керак”,-деб ёзди Расул Кушербаев.

Human.uz нашри эса бу воқеа юзасидан ҳуқуқшунос Сайдали Мухторалиевнинг мақоласини эълон қилди. Мақолада даҳлсизликдан маҳрум қилинган депутатнинг исми Ш.Каримов экани айтилади.

Ўз мақоласида ҳуқуқшунос “Сессия кун тартибига ягона масала ҳокимнинг ноқонуний қарорларига қарши чиқаётган ва Андижон шаҳар прокурорини аттестациядан ўтказишни талаб қилган депутатни дахлсизлик ҳуқуқдан маҳрум қилиш эди”,-деган иддаони олға сурди.

Сайдали Мухторалиевнинг ёзишича, Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг 17 май куни ўтган сессиясига депутат Ш.Каримовни даҳлсизлик мақомидан маҳрум қилиш тақдимномасини Aндижон шаҳар прокурори киритган.

Ҳуқуқшуносга кўра, депутат Ш. Каримов Андижон шаҳар прокурорини аттестациядан ўтказилишини талаб қилиб келган.