Андижон туманининг Хортум маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи “Хонобод-Андижон” марказий сув тармоғи 9 январь куни ишдан чиқди.
“Андижон сув таъминоти” ширкатининг 10 январда билдиришича, айни пайтда носозликни тузатиш ишлари олиб борилмоқда. Шу муносабат билан 11-12 январь кунлари ҳам Андижонда сув таъминотида узилишлар кузатилиши мумкин.
“Айни пайтда вилоят марказининг айрим ҳудудларига Жалақудуқ туманида жойлашган "Пахтакор" ер ости сув иншооти орқали тоза ичимлик суви етказиб берилмоқда. Бундан ташқари 40 дона махсус сув ташиш транспорти воситалари орқали аҳолига ичимлик суви етказиб бериш йўлга қўйилди”,-дейилади расмий билдирувда.
Бир неча кун олдин Таллимаржон иссиқлик электр станциясидаги ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган иккита энергоблокни тўхтаганлиги сабабли Қашқадарё вилоятининг қатор туманларида сув ва электр энергияси таъминоти тўхтаб қолгани хабар қилинган эди.