Президент Шавкат Мирзиёевнинг маҳаллаларга кутилмаган ташрифлари ортидан бутун мамлакат бўйлаб қолоқ маҳаллаларни ободонлаштиришга киришилди.
Президент ташрифи кутилаётган Андижон вилоятида давлат раҳбари бориши мумкин бўлган шаҳар ва қишлоқларда йўлларга асфальт босилиб, деворлар оқланмоқда.
Маҳалла фаолларининг айтишича, бу ишлар вилоят ҳокимининг топшириғи билан “ҳомийлар” деб аталувчи давлат муассасалари, банклар, тадбиркорлар зиммасига юкланган.
Баъзи туманларда деворларни оқлашга давлат идоралари ходимлари ҳам сафарбар этилгани айтилади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижонга сафари аниқ санаси расман эълон қилинмаган.
Айрим хабарларга кўра, Мирзиёевнинг Андижонга ҳозирча санаси эълон қилинмаган ташрифи чоғида чегара вилоятида Қирғизистон ҳукумат ҳайъати билан музокаралар ҳам режаланган.
11-12 март кунлари Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташриф буюриши маълум, аммо Андижонда ўтадиган музокаралар борасида ҳозирча расмий хабар йўқ.
“Сувоқ йўқ, усти оқланяпти холос”
Озодлик билан суҳбатда таълим соҳаси ходимлари ўз ишлари қолиб¸ одамларнинг уйлари деворларини оқлашга мажбурланаётганликларини айтишди.
Озодликка йўлланган суратларда кўчаларни тозалаб-супураётган, уйларнинг дарвоза-эшикларини бўяётган одамлар акс этган.
“Пахтаобод тумани Маданият қишлоғида мактаблар деворлари ҳам оқланяпти. мактаб ходимларини олиб чиқиб иш қилдиряпти. 11, 45- мактабда ҳам таълим соҳаси ходимларини ҳам ҳашар қилдиряпти. Президент қўшни Қирғизистондан келадиган делегация билан бизнинг қишлоқда учрашар экан. Шунга туман ҳокими ҳаммани оёққа турғизган, лекин ишларнинг ҳаммаси номига бўляпти. Сувоқ йўқ. Усти оқланяпти, холос. Шармандалик. Ҳозир мана ёмғир ёғяпти, эртага расво бўлади”, - дейди Андижоннинг Пахтаобод тумани халқ таълими соҳаси ходимларидан бири.
Бу иддао юзасидан изоҳ олиш учун Андижон вилояти амда Пахтаобод тумани ҳокимлигига боғланишнинг имкони бўлмади.
Андижон шаҳрида ҳам уйларни оқлаш “ҳокмий”лар зиммасига юклангани айтилмоқда.
Исми сир қолишини истаган маҳалла фаолининг айтишича, ҳомийлар орасида банк бўлимлари ва давлат муассасалари ҳам бор.
“Навоий боғини орқасидаги маҳаллалар банкларга бўлиб берилди. Ипотека банк олтита уйни ҳомийликка олди. Ҳар битта уйга банк 3 миллион сўмдан ажратган. У пулга ташқаридан оҳаклаб беряпти, холос.. Фақат ташқарисини. Сал нарироқда “тожик маҳалла” бор. Хароба жой. У ердаги уйларни оқлаш Эски шаҳар деҳқон бозори маъмурияти зиммасига юклатилди. Президент хоҳлаган кўчага кириб келиши мумкин экан-да. Келишидан олдин одамларини юбориб хароба жойларни топдириб, ўша ерга кириб борар экан. Шунга қаерда оқланмаган девор бўлса оқланяпти”, - дейди маҳалла фаоли.
Президентнинг кутилмаган ташрифлари
Президентининг вилоятларга сафари чоғида маҳаллаларга кутилмаган ташрифлари охирги пайтларда анъана тусини олмоқда.Бундай ташрифларнинг сўнггиси ўтган ой Наманган вилоятида содир бўлди.
Вилоятга сафари чоғида Шавкат Мирзиёев кутилмаганда Наманган шаҳридаги "Бунёдкор" маҳалласига кириб борди.
Бу ерда Мирзиёев атроф ободонлаштирилмагани, маҳалла идорасининг ўзи ҳам хароблиги, бино орқасида чиқиндилар ётганини танқид қилди.
"Қачон одамларнинг дарди билан яшайсизлар? Исаев, қанча вақт бўлди ҳоким бўлганингга? Ҳеч бўлмаса деворларни оқлатиб, ҳовлиларни тозалатиб қўйсанг бўларди-ку? Мен Фарғонага борганимда хулоса чиқармадингларми?? Фарғонага борганимни кўрмадингми, оқлаб қўйсанг бўладику, ҳеч бўлмаганда", - дея Наманган шаҳри ҳокими, шаҳар прокурори ва маҳалла раисига танбеҳ берди Мирзиёев.
Мавзуга алоқадор Мирзиёев Наманганда - "Фарғонага борганимни кўрмадингми, оқлаб қўйсанг бўладику"Президентнинг ушбу ташрифи ортидан сафарбарлик эълон қилинди ва Бунёдкор маҳалласи идораси таъмирдан чиқарилди.
Бундан олдин Мирзиёев Фарғона шаҳридаги Шодиёна маҳалласига кутилмаган ташриф уюштириб, у ердаги аҳволни танқид қилган, бунинг ортидан шаҳар ҳокими, прокурори, ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва солиқ инспекцияси раҳбарлари ишдан олинганди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
"Мирзиёевнинг ўзи сабабчи"
Озодлик Андижонда президент ташрифига ҳозирликлар юзасидан вилоят ҳокимлигидан расмий изоҳ ололгани йўқ.
Фарғона вилояти ҳокимининг собиқ матбуот котиби, "Фарғона ҳақиқати" ва "Ферганская правда" газеталари бош муҳаррири Муҳаммаджон Обидов президент келишига хўжакўрсин тадбирлар анъанага айланмаслиги керак, деган фикрда.
"Президентнинг "Шодиёна" маҳалласига бориши мутлақо тўғри иш бўлди. Лекин ҳокимлар фақат президент борадиган жойларга эмас, бошқа жойларга ҳам эътибор қаратиши керак. Президентнинг деворни оқлаб қўйсанг бўладику, деган рамзий маънода айтган гапини тўғри қабул қилиб, ҳамма жойни сувоқсиз оқлашга киришиб кетиш нотўғри, - дейди Муҳаммаджон Обидов.
Наманганлик блогер Аббос Асад ободончилик ишлари фақат президент келиши учун қилинмаслиги керак, дейди:
"Ҳокимлар халқ дарди билан эмас, президент дарди билан яшаяпти. Халқ асфальт қилиб бер, деса ҳокимлар қайрилиб ҳам қарамайди. Президент келса, оёғи куйган товуқдай бўлиб қолишади. Наманган шаҳар, Кўзагарлик кўчасида Орифбой гузарида йўл расвоси чиқиб ётибди, велосипедда ҳам юриб бўлмайди. Аҳоли йиллардан бери асфальт қилиб беринглар деб мурожаат қилади. Йўл солиғини олиб ётибди. Лекин, таъмирланмаган, чунки президент у ердан ўтмайди", - дейди Аббос Асад.
Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида қилган чиқишида, ўз ташрифи учун олдиндан тайёрланган кўзбўямачилик ишларини танқид қилган эди:
“Мен деворнинг орқасида нима борлигини, қайси кўча супирилганини, қайси дарахт йиқилиб ётганини жуда яхши биламан. Мен юрадиган йўлдаги нарсаларни бўяб қўйганларинг билан одамлар раҳмат демайди. Барча раҳбарларни алоҳида огоҳлантирмоқчиман. Агар бундан буён ташриф олдидан бирорта ҳудудда врач, ўқитувчи, талабани ободонлаштиришга жалб қилса, жазо жуда қаттиқ бўлади. Қонун олдида мен сизларни ҳаммаларингни жазолайман”, - деб айтган эди президент Мирзиёев.
Канадада яшаётгган журналист Улуғбек Ашур Ўзбекистонда президент ташрифи арафасида хўжакўрсин тадбирларнинг авж олишига Мирзиёевнинг ўзи сабабчи, дейди.
“Президентнинг ўзи очиқ айтяпти, “Фарғонага борганимни кўрмадингми, оқлаб қўйсанг бўлардику”, деб. Мана, гапидан кейин хўжакўрсин девор оқлашлар авж олиб кетди. Президентнинг ўзи ҳам бош вазир, ҳоким бўлган пайтлари Каримов учун шундай ишларни қилганини ҳам биламиз”, - дейди журналист.