Андижон вилоятида 3 ойлик чақалоқни сотмоқчи бўлган Ғ., исмли аёл ва О., исмли эркакка нисбатан суд ҳукми ўқилди.
“Халқ сўзи”нинг ёзишича, 2 нафар боланинг онаси “кимдан эканлиги номаълум бўлган чақалоғини” сотишга уринган. Унга бу ишда О., исмли эркак кўмаклашган.
Ғ., чақалоғини сотмоқчи экани тўғрсида хабар тарқалганидан сўнг болани кўргани “эр-хотин мижоз” келган. Улар чақалоқни 700 долларга сотиб олишга розилик беришган.
Оғзаки келишувдан сўнг, улар Андижон шаҳридаги “Дарётранс” ширкати ёнида кўришадиган бўлган. Ғ., ва О., “эр-хотин”дан 700 долларни санаб олаётганларида ушланган.
Суд ҳукми билан О., исмли эркак 5 йилга кесилди. Ғ.,га чақалоқ фарзанди борлиги ва эри йўқлигини ҳисобга олган ҳолда 2 йил муддатга шартли қамоқ белгиланди.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига қараганда, 2017-2020 йилларда Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та ҳолат аниқланган.