Бош прокуратуранинг маълум қилишича, 30 ноябрь куни соат 13:20 ларда Андижон вилоят прокуратураси олдида қизининг ўлими учун айбланувчидан “Спарк” автомашинасини товон сифатида ундириб беришни талаб қилган аёл ўзига ўт қўйди.
“Шу вақтда воқеалар ривожини кузатиб турган Андижон вилоят ИИБ пост-патруль хизмати ходимлари томонидан С.Б.,нинг эгнида ёнаётган кийимлари ечиб олиниб, унинг куйиб оғир тан жароҳати олиши олди олинган. Айни вақтда С.Б.,нинг юзи, қўллари, бўйин ва кўкрак қафаси соҳалари жами танасининг 15 фоиз қисми куйиш ташхиси билан шифохонага жойлаштирилди. Мазкур ҳолат бўйича Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”,-дейилади расмий баёнотда.
Бош прокуратуранинг билдиришича, жорий йилнинг 24 июль куни соат 23:00 ларда Марҳамат тумани, “Тош йўли” МФЙ, “Садоқат” кўчасида яшовчи 1999 йилда туғилган Н.М. , севган йигитини кутиб турган вояга етмаган Т.М.,ни уяли телефонига расмга олиб, ушбу фотосуратларни унинг ота-онаси ва профилактика инспекторига кўрсатишини айтган.
Бу маълумот бошқаларга ошкор бўлишидан қўрққан қиз ўзини осиб, жонига қасд қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бош прокуратура баёнотида айтилишича, марҳуманинг онаси С.Б., олиб борилаётган тергов ҳаракатларидан норози бўлиб, 30 ноябрь куни соат 12-15 ларда Андижон вилоят прокуратурасига келган ва вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Ф. Раҳмонов томонидан қабул қилинган.
С.Б.,қизининг ўлими учун товон сифатида айбланувчи Н.М.,дан “Спарк” автомашинасини ундириб беришни талаб қилган. Аммо “Спарк” автомашинасини ундириш тергов органларининг ваколатига кирмаслиги тўғрисида маълумот олгач, ўзига ўзи ўт қўйишини айтиб, прокуратурадан чиқиб кетган.
“Шу куни соат 13-20 ларда С.Б., вилоят прокуратураси автомашиналар тураргохида бақириб, бошқа шахсларни ўзига жалб қилиб, турмуш ўртоғи Х.Т.дан 1 литрли пластмасса идишда бўлган “Бензин” ёқилғиси ва гугуртни олиб, ўзининг елка қисмларига қуйган ва турмуш ўртоғи Х.Т. томонидан ўзини ёқиши ва вилоят прокуратураси биноси ичига югуриб кириб кетиши ҳақида кўрсатма олганидан сўнг ўзига ўт қўйиб ёқиб юборган”,-дейилади баёнотда.