20 март куни Андижон вилоят, Асака туман маъмурий суди томонидан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти Андижон вилоят бўлими раиси Мусажон Бобожонов 15 суткага озодликдан маҳрум қилинди.
Бу ҳақда Озодликка жамиятнинг матбуот хизмати хабар қилди.
"Маъмурий иш материалига кўра, Асака туман маъмурий суди ҳуқуқ фаолини фуқарога шаръий никоҳ ўқишда айблаган. Мусажон Бобожоновнинг Андижон вилоят, Марҳамат туманида яшовчи қўшниси Зафарбек Каримов рафиқаси билан шаърий никоҳ ўқиб қўйишни илтимосқилган. Бунинг қопқон эканидан шубҳа қилмаган Мусажон диний маросим пайтида қўлга тушган", дейилади жамият баёнотида.
2018 йил ёзида Мусажон Бобожоновга нисбатан Андижон вилоят ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан қўзғатилган жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг апелляция судлов ҳайъати томонилан бекор қилиниб, у барча эпизодлар бўйича оқланган.
Андижон вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ўз ишига дахлдор вакилларини жавобгарликка торттириш ва уларни маънавий зарар бўйича жавобгарликка тортиш масаласи билан шуғулланаётган Бобожоновнинг қамалишини ҳамкасблари профессионал касбий фаолияти билан боғлашмоқда.
Мусажон Бобожонов Мисрнинг "Ал-Азҳар" Университети битирувчиси ва диний мавзуларда бир неча китоблари чоп қилинган тадқиқотчидир.
У 2005 йилдан бери Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамиятининг Андижон вилояти бўлимини бошқаради.