Коронавирус беморлари тўғрисидаги маълумотлар таққосланган мақола эълон қилгани учун “Газета.uz” Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан огоҳлантирилди.
“Газета.uz”нинг 26 ноябрь куни хабар беришича, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев имзолаган мактубда таҳририят келажакда текширилмаган маълумотлар эълон қилинган тақдирда “жиддий ҳуқуқий оқибатлар” келиб чиқишидан огоҳлантирилган.
Огоҳлантириш 17 ноябрь куни президент матбуот хизмати хабари асосида ёзилган “Президент поручил оптимизировать COVID-больницы” хабарига тегишли.
Ушбу хабарда нашр президент матбуот хизмати хабаридан тўғридан-тўғри иқтибос келтирган: “Бугунги кунда Ўзбекистон бўйича 89 та муассасада 17 минг 500 ўрин COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилган. Ҳозирда ушбу ўринларда 6 минг 570 нафар бемор даволанмоқда…”
Айни пайтда нашр Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугунги кунда фақат 2123 нафар бемор коронавирусдан даволанаётгани тўғрисида хабарлар бераётганини таъкидлаган.
“Газета.uz”нинг ёзишича, нашр бу фарқни изоҳлаб бериш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилган, аммо вазирлик бунга жавоб бермаган.
“Газета.uz” масалани бундай баён қилишни бўрттириш деб ҳисоблайди, огоҳлантириш хатига эса таҳририятни "ноқулай" саволлар беришни тўхтатишга мажбур қилиш бўйича кескин жавоб деб қарайди.
Нашр айрим давлат идораларига муҳим саволлар билан мурожаат қилаётгани, лекин давлат органлари бу саволларга жавоб қайтармаётганини ҳам маълум қилган.
Аввалроқ “Кун уз” сайти ҳам электр энергияси ва газ тақчиллиги борасидаги хабарлари ортидан АОКАдан огоҳлантириш олган эди.
Мавзуга алоқадор "Эски Ўзбекистон" - Kun.uz АОКА раҳбарини газ-свет муаммосини ёзгани учун босим ўтказишда айблади