Жорий йил 1 апрелдан Сўх-Риштон йўли очилиши тўғрисида Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Қамчибек Ташиев 26 март куни берган баёнотни орадан бир неча кун ўтиб, Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров тасдиқлади.
Kun.uz нашрининг ёзишича, Хайрулло Бозоров Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукумат делегацияларининг 24-25 март кунлари Тошкентда ўтган учрашувида мана шундай қарор қабул қилинганини айтган.
Сўх-Риштон йўли 2013 йили қирғиз-ўзбек чегарасидаги можародан кейин ёпиб қўйилган эди. 2019 йилда бу йўл 2 кунга очилиб, кейин яна ёпилган. Бунинг оқибатида сўхликлар Фарғонага бориш учун Қизилқия шаҳри орқали 80 километрли йўлни босиб ўтишга мажбур бўлганлар.
Сўх-Риштон йўли очиладиган бўлса, масофа фақат 19 километрни ташкил қилади, яъни йўл 61 километрга қисқаради.
Вилоят ҳокими Сўх туманига микроавтобуслар қатнови ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилганини билдирган. Қирғизистон ҳудудидан ўтувчи мазкур йўл Ўзбекистон ҳисобидан таъмирланади.
Бир неча кун олдин Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Қамчибек Ташиев Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудуди билан ўралган Сўх эксклавига бориш учун Қайтпас, Этикчи чегара постлари очилиши ҳақида билдирган эди.
Ташиевга кўра, постдан оғир юк ташувчи автомашиналарнинг ўтишига рухсат берилмайди. 20 тагача ўринли кичик автобуслар, енгил машиналаргина ўта олади.
“Томонлар келишиб олди. 2021 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Риштон - Қайтпас ва Этикчи - Тул чегара масканлари очилади”, деди Ташиев.