Арман томони Шуша Озарбайжон назорати остига ўтганини тан олди

Бокуликлар Шуша эгалланганига оид хабарни хурсандчилик билан кутиб олишди.

Ўзини мустақил деб эълон қилиб олган Тоғли Қорабоғ республикаси президентининг матбуот котиби Ваграм Погосян 9 ноябрь куни сўнгги кунларда жангларга саҳна бўлган Шуша Озарбайжон қуролли кучлари назорати остига ўтганини билдирди.

“Душман Степанакерт бўсағасида турибди”, деб ёзган Погосян Фейсбукдаги ўз саҳифасида. Унинг бу сўзларини “Интерфакс” агентлиги келтирган.

Шуша Тоғли Қорабоғнинг энг йирик шаҳри бўлмиш Степанакертдан тақрибан 11 километр нарида жойлашган ва стратегик жиҳатдан муҳим аҳоли пунктларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Шуша эгаллангани ҳақида аввалроқ Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билдирган, Арманистон томони эса шаҳар учун жанглар давом этаётганини таъкидлаб, бу маълумотни рад этганди.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги душанба куни Шуша маъмурияти биносига ҳарбийлар Озарбайжон байроғини тикаётгани акс этган видеони ёйинлаган эди.

Шуша 1992 йилдан буён арман кучлари назорати остида бўлиб келган.

Озарбайжон билан Арманистон ўртасида қуролли тўқнашув Тоғли Қорабоғ ҳудудида 27 сентябрь куни қайта бошланган. Ўтган вақт ичида Озарбайжон қўшинлари аввалига Тоғли Қорабоғ маъмурий чегараларининг жанубий тарафини эгаллаб, кейин Шуша ва Степанакерт йўналиши бўйлаб ҳужум бошлашган. Президент Илҳом Алиев кўзланган мақсад Озарбайжоннинг ҳудуд устидан тўла назоратни тиклаш эканини билдирган. Унга кўра, Тоғли Қорабоғда яшайдиган арманларга маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ёки маданий мухторият кафолати берилиши мумкин.

Тоғли Қорабоғда арманлар ва озарбайжонликлар ўртасида тўқнашув ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида бошланган бўлиб, 90-йиллар бошида бўлиб ўтган жанговар ҳаракатлар натижасида ҳудуд ва уни ўраб турган Озарбайжон туманлари арман кучлари назорати остига ўтган.