Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармасининг 21 июлда билдиришича, “Асакабанк”нинг Бухоро вилояти филиали раҳбарларидан бири президентнинг “Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат яратиш занжирини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори асосида “кредит сифатида берилиши лозим бўлган 2 миллион долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида бир гуруҳ шахслар билан жиноий тил бириктирган”.
Жумладан, банк мансабдори “G.B.A.” МЧЖ раҳбари, “Асакабанк” АЖ Бухоро вилояти филиали бошқа мансабдорлари, “Асакабанк” АЖ бош офиси мансабдор шахслари ҳамда “K.s” МЧЖнинг мансабдорлари билан ўзаро жиноий тил бириктириб, 2017 йилда “кредит йиғма жилддаги айрим ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан” 2 миллион долларлик кредитни расмийлаштирган.
Бундан ташқари кредитнинг қайтарилиши ҳам таъминланмаган. Бунинг ортидан эса давлат ва банк манфаатларига кредитнинг асосий қисми тўланмаганлиги натижасида 1 миллион 282 минг 630 доллар, фоиз ва пеня қарздорлиги ҳисобидан 358 минг 84 доллар зарар етказган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”,-дейилади хабарда.