Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев очлик акциясини тўхтатди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига унинг адвокати Замир Жоошев маълум қилди.
Адвокатга кўра, унинг мижози Жазони ўташ давлат хизмати қўйилган талабларни бажаргани учун акцияни бас қилган.
“Атамбаев муолажага муҳтож. Шунинг учун у ўзини 1-сонли тергов ҳибсхонасидан ҳеч бўлмаганда 47-колонияга ўтказишни талаб қилган. Бугун, 28 октябрь куни Атамбаев очликни тўхтатди”, деган З. Жоошев.
Алмазбек Атамбаев 2019 йилнинг август ойида буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов ҳибсхонасида тутиб турилганди. Икки кун муқаддам у 1-сонли тергов ҳибсхонасига кўчирилган. У мазкур ҳибсхонада сақлаш шароити ёмонлиги сабабли очлик эълон қилганди.
2020 йилнинг июнь ойида Бишкек туман суди жиноят олами лидерларидан бири Азиз Батукаевнинг муддатидан олдин ноқонуний озод қилинганига оид иш доирасида Атамбаевни мол-мулкини мусодара қилиш билан 11 йилу 2 ойга озодликда маҳрум қилганди. Бундан ташқари, собиқ президент давлат унвонлари ва мукофотларидан ҳам маҳрум этилган. Август ойида Бишкек шаҳар суди бу ҳукмни ўз кучида қолдирган.
Алмазбек Атамбаев шу йил 6 октябрга ўтар кечаси халқ ғалаёни ортидан бошқа маҳбуслар билан биргаликда ҳибсхонадан чиқишга муваффақ бўлганди. 10 октябрда у Бишкекда оммавий тартибсизликлар уюштирганликка оид иш доирасида яна қўлга олинган ва ҳибс этилган.