Африка, Жанубий Осиё давлатлари ортидан Марказий Осиё ҳам очофат чигирткалардан зиён кўрмоқда

Бугунги кунда Ўзбекистон бўйлаб зарарли чигирткаларнинг 327,4 минг гектар майдонга тарқалгани аниқланди.

Жанубий ва Марказий Осиёдаги бир неча давлатда чигиртка галалари экинлар еб битирмоқда 2018 йили Африка шарқида тарқала бошлаган чигирткалар кўп ўтмай Яман, Уммон, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт ва Ироққа етиб борди. Бунинг ортидан чигирткалар Эрон, Покистон, Афғонистон ва Ҳиндистонда экинларни еб қуритди.

Кейинги ойларда эса чигирткалар галалари Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонда ҳам пайдо бўлди. Ўзбекистонга зарарли чигирткалар хавф солаётгани тўғрисида биринчи бўлиб Озодлик бундан қарийб бир ой аввал хабар қилган эди.

Зарарли чигирткалар хуружи коронавирус пандемияси туфайли оқсоқлаётган қишлоқ хўжалигини янада мушкул аҳволга солиб қўйиши ва қиш ойларида озиқ-овқат тақчиллигини келтириб чиқариши мумкин.

Экинларни вайрон қилаётган чигирткалар чўл чигирткалари бўлиб, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) уларни «энг очофат ҳашаротларнинг бири» дея таърифлайди.

Кейинги йилларда мўл ёғингарчилик шарқий Африка ҳамда жануби-ғарбий Осиёда чўл чигирткалари кўпайишига шароит яратди.

FAO ташкилотига кўра, 1 км2 ҳудудда 40 миллион чигиртка бўлиши, улар бир кунда 35 минг киши истеъмол қиладиган озиқни еб тугатиши мумкин.

Қаноти чиққан чигирткалар кунига 150 км масофага етиб бориши мумкин. Шунингдек, ҳаёти давомида бу ҳашаротлар яхшироқ муҳит излаб 2 минг км масофани босиб ўтиши мумкин.

2020 йилнинг февралида чигирткалар Эронга етиб борди. Май ойида Эрон қишлоқ хўжалик вазирлиги чигирткалар 200 минг гектар майдондаги экинларга ҳужум қилганини билдирди.

Февралда баднафс чигирткалар Покистонда ҳам экинларни вайрон қила бошлади. Натижада мамлакатда фавқулодда вазият эълон қилинди.

Мутахассислар шу кунларда Африка шарқи ва Араб яриморолида чигирткаларнинг иккинчи тўлқини Эрон, Покистон ва Ҳиндистон томон отланаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда.

Кейинги ҳафталарда чигирткалар Туркманистон ва Ўзбекистонда ҳам экинларни вайрон қила бошлади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бугунги кунда Ўзбекистон бўйлаб зарарли чигирткаларнинг 327,4 минг гектар майдонга тарқалгани аниқланди, 309,6 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилди. Шунингдек, маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар ҳисобидан шу кунгача зарарли чигирткаларга қарши 397 минг гектар майдонда ишловларни ўтказишни таъминлайдиган кимёвий воситалар захираси яратилди.

Туркманистон расмийлари чигирткалар хуружини умуман изоҳлагани йўқ. Озодликнинг туркман хизмати чигирткалар камида 35 минг гектар майдонга тарқалганини хабар қилди. Чигиртка босқинига учраган Туркманистоннинг Лебап вилояти, Карки туманилик фермерлар Озодлик туркман хизмати мухбири билан суҳбатда зараркунандаларга қарши давлатдан етарли воситаларни ололмаётганликларини айтдилар.

Марказий Осиёдаги чигирткалар Эрон, Покистон, Афғонистон ва Ҳиндистонда экинларни вайрон қилган чигирткалар эмаслиги айтилмоқда.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалик вазирлигига кўра, мамлакатда чигирткаларнинг 150 дан ортиқ тури бўлиб, уларнинг 10 хили экин, дала ва бошқа ўсимликларга катта зиён етказиши мумкин. Уларнинг орасида энг кенг тарқалгани Марокаш чигирткаси бўлиб, у Марказий Осиёда ва Афғонистонда кенг тарқалган.

29 май куни Қозоғистон Қишлоқ хўжалик вазирлиги Давлат назорат қўмитаси 2020 йилда 554 минг гектар ҳудудни чигиртка босиши кутилаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, экинларга асосан Итальян пруси, Осиё ва Марокаш турлари хуруж қилади.

FAO ташкилоти Қирғизистон ҳукуматига ёрдам беришга тайёр эканлигини изҳор қилди. Ташкилотга кўра, бундай ёрдамсиз чигирткалар 120 минг гектар майдондаги экинларни вайрон қилиш мумкин.

Қирғизистон расмийлари ҳали чигиртка хуружлари ҳақида билдиргани йўқ. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларини чигирткалар босаётгани хабар қилинди.

Озодлик радиоси тожик хизмати мамлакатнинг Хатлон вилоятида чигирткалар аллақачон экинларга хуруж қилаётганини, фермерлар уларга қарши самарали кураша олмаётганини хабар қилди.

Чигирткаларга қарши курашда енгиб чиқиш Марказий Осиё давлатлари учун жуда муҳим, чунки пандемия туфайли бу йил ҳосил ҳар йилгидек мўл-кўл бўлмаслиги кутилмоқда.