Афғонистон вице-президенти Амруллоҳ Солиҳ Толибонга қарши курашишини билдирди

Афғонистон вице-президенти Амруллоҳ Солиҳ.

Афғонистон вице-президенти Амруллоҳ Солиҳ мамлакатни тарк этмаслигини ва “ҳеч қачон Толибонга бош эгмаслигини” билдирди. У президент Ашраф Ғани Афғонистонни тарк этганидан сўнг қонунан мамлакат раҳбари вазифасини бажарувчига айланганини таъкидлади.

“Мен айни пайтда мамлакатдаман ва легитим президент вазифасини бажарувчиман. Барча лидерларни мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга чақираман”,-деди Солиҳ.

1980-1990 йилларда мужоҳидлар лидери, кейинроқ Афғонистон мудофаа вазири бўлган Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг ўғли Аҳмад Маъсуд эса Франциянинг La Règle du Jeu журналида чоп этилган мактубида Толибонга қаршилик кўрсатиш ҳаракатига асос солганини ёзди.

16 август куни Би-би-си мухбири Ялда Ҳаким Амруллоҳ Солиҳ. ва Аҳмад Маъсуд биргаликда тушган суратни эълон қилди. Сурат остидаги тагсўзда эса Афғонистонда аксилтолиб коалиция шаклланаётган бўлиши мумкинлиги тўғрисида тахминлар мавжудлиги ёзилган.