Афғонистоннинг Жаузжон вилоятининг Шибирғон шаҳрида бир гуруҳ аёллар Толибонга қарши уришиш учун қўлларига қурол олди. Расман билдирилишича, улар Афғонистон ҳукумат кучлари сафларига қўшилган.
Жаузжон вилоят Аёллар кенгаши раисаси Муслима Атои қуролланган аёллар отрядига қўмондон бўлди.
Унга кўра, отрядга ўнлаб аёл ўз ихтиёри билан қўшилмоқда, “Миллий ҳаракат” партияси эса уларни ўқ-дори билан таъминламоқда.
Атои қўлига қурол олган аёлларнинг эрлари ҳам Толибонга қарши жанг қилаётганини таъкидлади.
Ўтган ойдан бери Толибон жанговар ҳаракатларни кучайтириб, мамлакатнинг кўплаб туман ва шаҳарларини эгаллаб олди.
АҚШ ҳарбий қўмондонлигининг билдиришича, Толибон айни пайтда 80дан ортиқ туманни назорат қилмоқда. Шу кунларда Тожикистон билан чегарадош Қундуз шаҳри Толибон томонидан қамал қилинган.