Афғонистонда яна бир туман Толибон назорати остига ўтди

Афғонистон манзараси.

Толибон ҳаракати Афғонистоннинг яна бир туманини босиб олди. Ҳукумат кучлари Фарёб вилоятидаги Давлатобод туманини тарк этишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Озодлик афғон хизмати 8 июнь куни расмийларга таянган ҳолда хабар берди.

Вилоят кенгаши аъзоси Абдул Аҳад Алибекнинг айтишича, Давлатобод тумани билан алоқа узилган, шунинг учун ҳам тумандан чекинишга улгурмаган ўнлаб аскарнинг тақдири номълум бўлиб қолмоқда.

Жангарилар туманга элтувчи барча йўллар устидан ҳам назоратни қўлга киритган. Бунинг оқибатида ҳукумат кучларига ёрдам жўнатишнинг ҳам иложиси бўлмаяпти.
АҚШ ва НАТО ҳарбийлари Афғонистондан чиқарила бошланган май ойидан бери Толибон қатор ҳудудларни босиб олди.

Афғонистон расмийларининг билдиришича, 6 июндан бери жангарилар яна иккита туман устидан назоратни қўлга киритди. 7 июнда Пактия, Бағлон,Нангархор,Луғор ва Бағдис вилоятларида бўлган жангларда 70 жангари йўқ қилингани айтилмоқда.