Афғонистоннинг Толибон назоратида бўлмаган ягона ҳудуди – Панжшир давонида Аҳмад Маъсуд раҳбарлигидаги аксилтолиб кучлари ва Толибон ўртасидаги жанглар қайта бошланди. Ахборот агентликларининг маҳаллий манбаларга таяниб хабар беришича, жанглар давомида камида 7 киши ҳалок бўлди.
23 август куни Толибон Панжшир вилоятини назорат қилиб турган Аҳмад Маъсуддан ҳокимиятни 4 соат ичида тинч йўл билан топширишни талаб қилган. Аммо Маъсуд бу талабни рад этган.
Аввалроқ Аҳмад Маъсуд “Ал-Арабия” телеканалига қон тўкилишининг олдини олиш мақсадида Толибон билан ҳамкорликда ҳукумат тузишга тайёр эканини, аммо Толибон бунга кўнмаса, қон тўкилиши мумкинлигини айтган эди.
1980-1990 йилларда мужоҳидлар лидери, кейинроқ Афғонистон мудофаа вазири бўлган Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг ўғли Аҳмад Маъсуд Толибонга қаршилик кўрсатиш ҳаракатига асос солган.