Ашхабодда навбатларни яшириш учун тунда нон сотилмоқда

Тунги Ашхабод.

Туркманистон пойтахти Ашхабод ҳокимияти давлат дўконларида навбатда турган аҳолини кўздан яшириш учун нонни фақат саҳарга яқин - нимқоронғуликда сотишга кўрсатма берди.

Озодлик радиоси туркман хизматининг билдиришича, давлат магазинларида нон бозор нархидан 10 баробар арзон нархда сотилади. Шунинг учун ҳам ун ва нон маҳсулотлари тақчил бўлган Туркманистонда давлат магазинларида юзлаб кишилардан иборат навбатлар пайдо бўлади.

Озодлик радиоси туркман хизматига юборилган видеода нон сотиб олиш учун юзлаб одам навбатга турганини кўриш мумкин. Нон савдоси тонг отишига камида 2,5 соат қолганида - соат 5 да бошланади.

Апрель ойида Туркманистондаги маҳаллий ҳокимиятлар навбатларни яшириш учун аҳолига норасмий равишда навбатларда туришни тақиқлаган эди. Бу иш президент Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг обрўсини туширмаслик мақсадида амалга оширилган.

Туркманистонда сўнгги йилларда озиқ-овқат тақчиллиги кузатилмоқда. Бозорлар ва хусусий дўконларда нархлар ўта юқори бўлгани оқибатида давлат дўконларидаги арзон маҳсулотларни олиш учун одамлар ярим тундан навбатга туришни бошлайди.