АҚШ 11 сентябрдаги террор бўйича илк ҳужжатни ошкор қилди

Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо марказига 2001 йил 11 сентябрда иккита самолёт келиб урилган.

АҚШ Федерал тергов бюроси - ФТБ 2001 йилнинг 11 сентябрида Нью Йоркда содир этилган террорга оид маҳфий ҳужжатларнинг бир қисмини ошкор қилди. Ҳужжатда қайд этилишича, 11 сентябрь куни йўловчи ташувчи самолётларни гаровга олган худкушлар мобил телефонлар орқали АҚШда яшайдиган ватандошлари билан мулоқот қилган ва улардан моддий-техник ёрдам олган.

Айни пайтда Саудия Арабистони расмийларининг террорга алоқадорлиги тўғрисида далиллар топилмаган. Ошкор этилган ҳужжат 16 саҳифадан иборат.

АҚШ президенти Жо Байден ўтган ҳафтада 11 сентябрь воқеаси билан боғлиқ бўлган махфий ҳужжатларни жамоатчиликка ошкор этиш тўғрисида кўрсатма берганди.

Аввалроқ 11 сентябрь воқеасида ҳалок бўлганларнинг яқинлари террорга Саудия Арабистони расмийлари ҳам алоқадор бўлганлигини иддао қилиб, Ар-Риёддан товон пули тўланишини талаб қилган.

Саудия ҳукумати бу воқеага алоқаси йўқлигини таъкидлаган ва махфий ҳужжатларнинг ошкор этилишини олқишлаган.

2001 йилнинг 11 сентябрида Нью-Йоркда йўловчи ташувчи самолётларни гаровга олган худкушлар томонидан амалга оширилган террорда уч минг киши ҳалок бўлган эди.

2001 йил 11 сентябрда жиҳодчилар тўртта йўловчи самолётини олиб қочишган. Улардан иккитаси Ню Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг эгизак минораларига урилган.

Учинчи самолёт Вашингтондаги Мудофаа вазирлиги биносига йўналтирилган ва Пентагоннинг ғарбий қанотига қулаган.

Тўртинчи самолёт экипажи ва йўловчилари босқинчиларни назоратга олишга ҳаракат қилишди, оқибатда лайнер Пенсилвания штатида қулаб тушди.