Техаснинг Ҳюстон шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик оила Канададаги яқинлари билан ҳаво ҳалокатига учраб нобуд бўлди. Фожиа 27-ноябрь кечқурун юз берганини "Америка овози" Канада Транспорт хавфсизлиги бошқармасига таяниб хабар қилди.
Онтарио провинциясининг Маркам шаҳарчасидан кўтарилган кичик хусусий самолёт Кингстон деган ўрмонли ҳудудда қулаган. Манзил Квебек шаҳри бўлган, дейди расмийлар. Квебек провинциясининг бу қисми қишин-ёз сайёҳларни ўзига жалб этадиган хушманзара гўшадир.
Самолёт АҚШда рўйхатдан ўтган ва уни бу воситанинг эгаси Отабек Облоқуловнинг ўзи бошқараётган бўлган. Отабекни яхши танийдиган ватандошларнинг айтишича, марҳум Америкада ўз йўлини топган тадбиркор эди. Оиласи билан Торонтодаги қариндошларининг олдига кетган ва биргаликда вақт ўтказишни режалаган.
Техас ва Канададаги манбаларга кўра, учувчи сифатида тажрибага эга Отабекнинг ёнида рафиқаси ва уч фарзанди, шунингдек, қайниси ва унинг турмуш ўртоғи бўлган. Канада расмийлари ҳалок бўлганларнинг исм-шарифларини ҳали эълон қилгани йўқ. Ҳалокат сабаблари ўрганилмоқда.
Америкадаги ватандошлар Отабек Облоқуловнинг яқинларига ҳамдардлик билдирмоқда. Uzbek American Association of Chicago (фото ҳам шу ташкилотдан) Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси Канададаги ватандошлар билан бу борада яқиндан ишлаётгани маълум.