Америка армияси ўз аскарларини Афғонистон ҳудудидан тўлиқ олиб чиқиб кетди, деб билдирди Марказий қўмондонлик раҳбари генерал Кеннет Маккензи.
АҚШ Фуқаролик авиацияси бошқармаси Кобул аэропорти бундан буён ҳаво ҳаракати хизматлари назоратида эмаслигини билдирди. Бошқарма учувчиларни ўта эҳтиёткор бўлишга чақирди. Бунга қадар август ойида АҚШ ҳарбийлари Кобул узра парвозлар ҳаракатини назорат қилиб келаётган эди.
Президент Жо Байден 20 йиллик жанговар ҳаракатлардан сўнг 31 августни АҚШ ҳарбийлари Афғонистондан тўлиқ чиқиб кетадиган сўнгги кун деб белгилаган эди.
Пентагон расмийси 30 август куни июль ойининг охиридан то шу кунгача Кобулдан 122 минг киши эвакуация қилинганини билдирди. Оқ Уйнинг маълум қилишича, уларнинг 6 мингги АҚШ фуқаросидир.