Европа Иттифоқи, АҚШ ва яна 18 давлат Толибонни афғон аёллари ва қизлари ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашга чақирди.
“Биз афғон хотин-қизларининг келажагидан, уларнинг таълим олиш, ишлаш ва ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқлари кафолатланмай қолишидан чуқур ташвишдамиз. Биз Афғонистондаги ҳукмронларни уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга чақирамиз”,-дейилади 18 август куни эълон қилинган қўшма баёнотда.
Баёнотни имзолаган давлатлар орасида Австралия, Бразилия, Канада, Гватемала, Янги Зеландия, Сенегал ва Швейцария ҳам бор.
Баёнот жаҳоннинг илғор давлатлари Афғонистон назоратини ўз қўлига олган Толибон инсон ҳуқуқларини сақлашга берган ваъдасини бажаришига ишониб-ишонмай турган бир пайтда эълон қилинди.
Толибон Афғонистонни бошқарган 1996-2001 йилларда хотин-қизларнинг ўқиши ва ишлаши тақиқланган. Аёллар мажбурий равишда ҳижоб кийиб юриши ва кўчага эркак маҳрамсиз чиқиши талаб қилинган.