Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео ўртасида 30 ноябрь куни телефон орқали мулоқот бўлиб ўтган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот чоғида М. Помпео АҚШнинг Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар дастурини изчил қўллаб-қувватлашда собит эканлигини тасдиқлаган.
Шу йил 16-20 ноябрь кунлари А. Комилов бошчилигидаги ўзбек делегацияси Вашингтонга сафар қилгани ва қатор расмийлар билан учрашгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Хусусан, 20 ноябрь куни делегация Ўзбекистон – АҚШ сиёсий маслаҳатлашувларининг саккизинчи раундида иштирок этган.
Давлат котиби кечаги мулоқотда сиёсий маслаҳатлашувлар шакли Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик даражаси ва суръатини акс эттирувчи Стратегик шериклик мулоқотига ўзгарганлигининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаган.
АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, мулоқот чоғида икки дипломат диний эркинликларни кенгайтириш, одам савдосига қарши кураш ҳамда фуқаролик жамияти ва журналистлар фаолияти учун майдонни кенгайтириш дохил инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ривожини муҳокама қилганлар. Шунингдек, улар Ўзбекистон юритаётган хусусийлаштириш ҳамда бозор ривожланиши учун қулай сиёсат қабатида америкалик экспортёрлар ва инвесторлар учун имкониятларни муҳокама қилганлар.
Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати А. Комилов ва М. Помпео мулоқоти чоғида минтақавий ҳамкорлик, “C5+1” форматидаги ўзаро муносабатлар, Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий қайта тиклаш ва барқарорликни таъминлаш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашилганига эътибор қаратган.
Мазкур мулоқот президент Ш. Мирзиёев администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Ўзбекистондаги қатор мустақил нашрларга “огоҳлантириш хати” йўлланганидан бир неча кун ўтиб амалга ошди. Мустақил нашрлар АОКАнинг бу қадамини ўзларига нисбатан босим ўлароқ баҳолаганлар.
АОКАнинг бу ҳаракати Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган қатор дипломатлар томонидан қораланган, хусусан, АҚШ элчиси Даниэл Розенблюм бунинг расмий Тошкент олиб бораётган ислоҳотлар руҳига зид эканини таъкидлаганди.