АҚШ Россияни Украинада «бемулоҳаза» иш тутиш «оқибатлари» ҳақида огоҳлантирди
Украина чегараси яқинида Россия қўшинлари сони ошиб бораётгани ҳақида хавотир кучаяр экан, Вашингтон Москва Украинага нисбатан бемулоҳаза иш тутса ёки тажовузкорлик қилса, бунинг «оқибатлари» ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирди.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 11 апрель куни NBC телеканалига берган интервьюсида «Президент Байденнинг позицияси жуда аниқ», - дея таъкидлади.
«Агар Россия бемулоҳаза иш тутса ёки тажовузкорлик қилса, бу қимматга тушади, оқибатлари ҳам бўлади», - дея сўзини давом эттирди Блинкен.
Мавзуга алоқадор NEXTA Live: Россия ҳарбийлари Украина билан чегарада лагер ташкил қилдиСўнгги ҳафталарда Украина ҳукумати қўшинлари ва мамлакат шарқидаги россияпараст айирмачилар ўртасида жанглар авж олди. Россия Украина чегараси ёки унинг яқинига ҳамда Украинадан аннекcия қилиб олган Қримга ўз қўшинларини жойлаштираётгани айтилмоқда.
Кремль ўз қўшинлари ҳеч кимга таҳдид солмаслиги ва Россия ичидаги ҳарбий ҳаракатлар суверен, ички масала эканини айтиб, Ғарбнинг ўз қўшинларини ортга қайтариш чақирувларини рад этмоқда.
11 апрель куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков «ҳеч ким уруш бошлашни режалаштираётгани йўқ», деб таъкидлади. Аммо у Москва Украина шарқида яшовчи ва рус тилида сўзлашувчилар тақдирига «бефарқ қарамаслигини» ҳам қўшимча қилди.
11 апрель куни Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб Лондон ва Вашингтон «Россиянинг Украинадаги беқарорлик келтириб чиқариш кампаниясига қатъий қарши эканини» айтиб, Россияни вазиятни деэскалация қилишга чақирганди.
«Россия зудлик билан вазиятни деэскалация қилиши ва @OSCEда (ЕХҲТ – таҳр.) имзолаган халқаро мажбуриятларини бажариши кераклиги ҳақида айни фикрдамиз», - деб ёзди Рааб Twitter платформасида.
Рааб билдирувидан бир кун олдин Украина президенти Володимир Зеленский Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашиб, Украина шарқидаги вазиятни муҳокама қилди.
Истанбулда Зеленский билан ўтказилган матбуот анжуманида Эрдўғон Украина шарқида содир бўлаётган воқеаларни «хавотирли» деб атади ва можаро «тинч йўлда ва дипломатик воситалар билан, Украинанинг яхлитлиги ва халқаро ҳуқуқ асосида ҳал қилинишига» умид билдирди.
Учрашув чоғида икки раҳбар ҳарбий ҳамкорлик масаласини ҳам муҳокама қилган.
9 апрель куни Блинкен Германия ва Франция ташқи ишлар вазирлари билан Россиянинг босиб олинган Қрим ярим оролида ва Украинанинг шарқий чегаралари яқинидаги ҳарбий ҳаракатларини тўхтатиш зарурлиги тўғрисида суҳбатлашган.
Россия Қримни 2014 йил март ойида аннексия қилиб олди ва камида 100 та давлат томонидан ноқонуний деб эълон қилинган референдумни ўтказди.
Шундан буён Россия Донбасс минтақасида жанг қилаётган қуролланган бўлгинчиларга дипломатик ва ҳарбий ёрдам кўрсатиб келади.
2014 йил апрель ойидан бери можаро 13 мингдан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлди, 1 миллиондан ортиқ одам ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлди.