АҚШ ташкилоти Ўзбекистонга мингга яқин инглиз тили ўқитувчисини юбориш ниятида

Иллюстратив сурат.

АҚШнинг American Councils халқаро таълим ташкилоти Ўзбекистонга мингга яқин инглиз тили ўқитувчисини юбориш ниятида эканини билдирди. Ўзбекистон ҳукумати матбуот органи бўлган “Халқ сўзи” нашрининг ёзишича, Халқаро таълим бўйича Америка Кенгашларининг катта вице-президенти Майкл Кертис бу ҳақда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчиси Жавлон Ваҳобов билан ўтган учрашув чоғида гапирган.

Хабарда таъкидланишича, учрашувда Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш сифатини оширишга American Councils’ни жалб этиш истиқболлари муҳокама қилган.

Элчи Жавлон Ваҳобов АҚШ Ўзбекистонга дарс бериш учун 27 нафар инглиз тили ўқитувчисидан иборат биринчи гуруҳни жўнатганига миннатдорчилик билдирган.

“Бундан ташқари, айни пайтда Ўзбекистонда АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштириладиган ўндан ортиқ таълим дастурлари амалга ошириш босқичида турибди. Улар орасида Future Leaders Exchange, University Partnership in Central Asia, English Speaking Nation, ESN Teacher Coaches Program, U.S. Central Asia Education Fund, US-CAEF Alumni Conference 2021, American Windows Uzbekistan, Faculty Enrichment Program, Young Professional Internships, Uzbekistan Business Leaders, Afghanistan University Student Exchange Program, Open World Leadership Center Program, Uzbekistan Youth Leadership Conference 2021 кабилар бор”,-дейилади хабарда.