АҚШ уйғурлар мажбурий меҳнатидан фойдаланган яна бир Хитой ширкати маҳсулотларини тақиқлади

Ҳонконгда 2019 йилнинг 22 декабрида уйғурларга ҳамдардлик билдириб ўтказилган намойиш.

АҚШ уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатларнинг мажбурий меҳнатидан фойдалангани учун Хитойнинг йирик ишлаб чиқарувчисидан пахта маҳсулотларини сотиб олишни тақиқлади.

АҚШ божхона ва чегара назорати хизмати 2 декабрь куни Шинжон ишлаб чиқариш-қурилиш корпуси эскпорт қилган пахта ва пахта маҳсулотларини мусодара қилишини билдирди.

Хитойда пахтанинг 30 фоизини, жаҳондаги пахтанинг 6 фоизини қайта ишлаб чиқарадиган ҳарбийлаштирилган мазкур ширкатга қарши санкция уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатлар мажбурий меҳнатидан фойдаланадиган ширкатларга нисбатан кўрилаётган чораларнинг сўнггиси бўлди.

Июлда АҚШ Молия вазирлиги Шинжон ишлаб чиқариш-қурилиш корпусининг барча молиявий операцияларини тақиқлаб қўйган эди. Шинжон ишлаб чиқариш-қурилиш корпусидан ташқари Хитойнинг яна бешта йирик ширкати маҳсулотларини АҚШга олиб кириш тақиқланган.

Қўшма Штатлар ҳукумати 14 сентябрда Хитойдан пахта, кийим-кечак, компьютерлар учун эҳтиёт қисмлар, жун сотиб оллишни тақиқловчи қарорни қабул қилган эди. АҚШ ҳукуматининг билдиришича, бу маҳсулотлар Шинжон-Уйғур мухториятидаги мусулмонлар ва этник озчиликлар мажбурий меҳнати оқибатида ишлаб чиқарилган.

АҚШ ва қатор ғарб давлатлари Хитойда 1 миллиондан ортиқ мусулмон 2017 йилдан бери экстремизмга қарши кураш баҳонасида “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётганини танқид қилиб келади.

Аммо Хитой бу лагерлар “экстремист ва террорчиларни қайта тарбиялаш” мақсадида ташкил этилганини билдирган.