АҚШ Украинага иқтисодий ва ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этади

АҚШ давлат котиби Антони Блинкен.

АҚШ давлат котиби Антони Блинкен президент Жо Байденнинг янги маъмурияти Украинага иқтисодий ва ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этишини ваъда қилди.

АҚШ давлат департаментида эълон қилинган билдирувга кўра, котиб 1 февраль куни Украина ташқи ишлар вазири Димитро Кулеба билан телефон орқали суҳбатлашиб, «Украинани ҳар икки партия қўллаб-қувватлашини ва АҚШ учун Украинанинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги устувор аҳамиятга эга эканини» айтган.

«У АҚШ Украинага кенг кўламли иқтисодий ва ҳарбий ёрдам беришда давом этишини ваъда қилди», - дейилади билдирувда.

Блинкен, шунингдек, Украинани коррупцияга қарши курашиш ва қонун устуворлиги ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш йўлида давом этишга чорлаган.

Икки дипломат коронавирус пандемиясини ҳам муҳокама қилган.