АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ўз лавозимига киришганидан буён илк маротаба Хитой ташқи ишлар вазири Ян Цзечи билан 5 февралда телефон орқали мулоқот қилди.
Мулоқот давомида Блинкен АҚШ Хитойнинг Тибет, Ҳонконг ва Шинжондаги сиёсатини кескин танқид қилишда ва бу масалада Пекинга босим ўтказишда давом этишини айтди.
“Мен АҚШ ўз миллий манфаатларини, демократик қадриятларини ҳимоя қилишда давом этиши ва Пекинни халқаро қонунларни бузгани учун жавобгарликка чақириши тўғрисида аниқ мужда бердим”,-деб ёзди Блинкен 5 февраль куни Твиттердаги саҳифасида.
Давлат департаменти мазкур мулоқот юзасидан 6 февралда тарқатган расмий баёнотида билдирилишича, Блинкен Қўшма Штатлар “Шинжонда, Тибет ва Ҳонконгда инсон ҳуқуқларини ва демократияни ҳимоя қилишда давом этишини” айтган.
Вашингтон 3 февраль куни эълон қилган расмий баёнотида ҳам Хитойни Шинжонда уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатларга нисбатан “инсониятга қарши жиноятларда ва геноцидда” айблаган эди.
Хитой ташқи ишлар вазири Вашингтоннинг бу позициясини танқид қилди. Вазир Шинжон ва Ҳонконгда репрессиялар амалга оширилаётганини инкор қилди ва бу масала Хитойнинг ички иши эканини урғулади.