АҚШ Давлат департаменти Хитойнинг Шинжон минтақасида уйғур ва бошқа мусулмон халқлари учун мўлжалланган “лагерларда” аёллар муттасил жинсий зўравонлик қурбони бўлгани ҳақидаги хабарлардан “қаттиқ ташвишда” эканлигини билдирган.
“Бу жиноятлар одамни ларзага келтиради, уларга жавоб жиддий бўлиши керак”, - деди Давлат департаментининг матбуот котиби 3 февраль куни Озод Европа/Озодлик радиосига берган изоҳида.
Бу баёнот Хитойдан қочиб чиқишга муваффақ бўлган аёллар ОАВга ушбу қийноқлар ва жинсий зўравонликлар ҳақида сўзлаб берганидан сўнг берилди. Би-Би-Сининг хабарида мазкур лагерларда бир муддат тутилган аёлларнинг ҳикоялари ёритилган.
Давлат департаменти баёнотида Хитой Шинжонда “инсониятга қарши жиноятлар ва геноцидни” амалга ошираётгани ҳақидаги айбловлар яна бир бор урғуланди.
Баёнотда, шунингдек, Хитой раҳбариятидан “қайта тарбиялаш лагерларини” ёпиш ҳамда у ерда сақланаётган инсонлари озод қилиш, шинжонлик уйғур ва бошқа туб халқ вакилларига тазйиқ ўтказмаслик сўралган.
Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Би-Би-Си хабарини “умуман ҳеч қандай далил-исботга эга бўлмаган”, журналистларга интервью берган суҳбатдош аёлларни эса “актёр эканлиги бир неча бор фош қилинган сохта маълумот тарқатувчилар” деб атаган.