17 март куни АҚШ элчихонаси янги коронавирус касаллиги COVID-19 тарқалишига тайёргарлик кўриши учун Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига иккинчи хайрия ёрдами сифатида шахсий ҳимоя воситаларини топширди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги хабар қилишича, USAID тақдим этган шахсий ҳимоя воситалари таркибига
10 000 та қўлқоп, 10 200 та ниқоб, 1400 та махсус халат ва 200 та кўзойнак киради. Улар бутун Ўзбекистон бўйлаб вилоят марказлари ва шаҳарларда тарқатилади.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) коронавирусдан зарар кўрган ёки унинг тарқалиши хавфи юқори бўлган мамлакатлар, шу жумладан Ўзбекистон учун юқумли касалликлар бўйича фавқулодда захира фондидан қўшимча маблағ ажратди. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм мамлакат тайёргарлигини юқори баҳолаб, COVID-19’га тайёргарлик кўриш ва тегишли жавоб қайтаришда USAID Ўзбекистонни келгусида ҳам қўллаб-қувватлаши ва кўмак беришини маълум қилди.
“Янги коронавирус касаллиги фақатгина ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик орқали бартараф этилиши мумкин бўлган, глобал соғлиқни сақлашга таҳдид солаётган касалликдир”, - деди элчи Розенблюм. “АҚШ ҳукумати ушбу глобал эпидемияга тайёргарлик ва жавоб чораларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистондаги ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда”, - таъкидлади элчи.