Ўзбекистон диний эркинлик бўйича махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатидан чиқарилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти 7 декабрь куни маълум қилди.
“Мен ҳукуматлар томонидан сўнгги бир йилда эришилган сезиларли ва аниқ ютуқлар ортидан Судан ва Ўзбекистон махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатидан чиқарилганини эълон қилаётганимдан мамнунман. Уларнинг қонунларни жасорат билан ислоҳ қилганлари ва амалиётга тадбиқ этганлари бошқа давлатларга ўрнак бўлиб хизмат қилади”,-дейилади давлат котиби Майк Помпео номидан эълон қилинган баёнотда.
АҚШ Давлат департаменти 2020 йилнинг июнида Ўзбекистон диний эркинлик бўйича “реал прогресс”га эришаётгани, “муҳим қадамлар” ташлаётганини олқишлаган, аммо қатор муаммолар мавжудлигини қайд этган ҳолда, махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатида қолдирган эди.
Бундан аввал АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси (USCIRF) Ўзбекистонни “ёмонларнинг ёмони” рўйхатидан чиқарган, аммо диний эркинликлар жиддий равишда бузилаётгани боис, махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатида қолдирган эди.
АҚШ Давлат департаментининг 7 декабрдаги баёнотида Бирма, Хитой, Эритрея, Эрон, Нигерия, ШИмолий Корея, Покистон, Саудия Арабистони, Тожикистон ва Туркманистон диний эркинликлар бўйича алоҳида ташвиш уйғотувчи давлатлар рўйхатида қолдирилгани билдирилди.