АҚШ Қирғизистон божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимовга “Магнитский рўйхати” доирасида санкция жорий қилди.
9 декабрда АҚШ Молия вазирлиги эълон қилган билдирувда айтилишича, Матраимов Қирғизистонда кенг миқёсли коррупциявий схемани тузган ва пул ювишда иштирок этган.
Расмий билдирувда 49 ёшли Матраимов мамлакатдан ноқонуний равишда камида 700 миллион долларни олиб чиқиб кетган, божхона тўловларини четлаб ўтиш мақсадида мансабдор шахсларни сотиб олган ва пул ювган, деб айтилади.
“Матраимов ўз мансабидан фойдаланган ҳолда божхонадаги коррупциявий схема воситасида юз миллион долларлаб ноқонуний даромад топди”- дейилади билдирувда.
АҚШда 2012 йилда қабул қилинган Магнитский қонуни асосида “қора рўйхат”га инсон ҳуқуқларини бузган ва жиддий коррупциявий схемаларга аралашган шахслар киритилади.
Ўтган йили Озодлик радиоси қирғиз хизмати, Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP), Бишкекдаги Kloop ахборот сайти Матраимовнинг коррупцияга алоқадорлиги юзасидан қатор журналистик суриштирувларни эълон қилган эди.
Жорий йилнинг 20 октябрида Раимбек Матраимов Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан ушланган. Ўша куниёқ суд унга давлат бюджетига 2 миллиард сўмни қайтариш мажбуриятини юклаб, уй қамоғига ҳукм қилган.
8 декабрь куни Қирғизистон Молия вазирлиги Матраимов давлатга шу кунгача 773 миллион сўмни қайтаргани ҳақида маълумот берган.