Бишкек суди Райим миллион деган ном билан машҳур бўлган Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовни тергов якунлангунига қадар икки ой ҳибсда сақлаш тўғрисида қарор чиқарди.
АҚШ томонидан йирик коррупционер сифатида 2020 йилнинг 9 декабрида қора рўйхатга тиркалган Райимбек Матраимов 11 февраль куни Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди қарори билан 260 минг сўм (3 минг доллар) миқдорида жаримага тортилиб, суд залидан озод қилинганди.
Суд Бош прокуратура Райимбек Матраимов Қирғизистонга 2 миллиард сўм, тақрибан 25 миллион доллар зарар келтирган деган фаразни илгари суриб, Матраимов бу маблағни тўлиғи билан давлат ҳазинасига қайтарганини тасдиқлагани ортидан юмшоқ ҳукм чиқаргани айтилган эди.
Бироқ 14 февраль куни пойтахт Бишкекда Матраимовнинг озод этилганига қарши оммавий норозилик намойиши бўлиб ўтган.
Шундан сўнг Матраимов 18 февраль куни қайта қўлга олинган эди.
20 февраль куни Биринчи Май туман суди Матраимов тергов ҳибсхонасида камида икки ой қолишини билдирди.
Матраимовнинг адвокати Мадина Ниёзова суд қарори устидан шикоят қилишларини маълум қилди.
18 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Матраимов ноқонуний йўл билан топилган даромадларни қонунийлаштиришда айбланаётганини маълум қилган.
Озодлик радиоси қирғиз хизмати суриштирувларида Матраимов коррупцион схема асосида Қирғизистондан камида 700 миллион долларни ноқонуний равишда чет элга олиб чиқиб кетгани айтилади.
Мавзуга алоқадор Бишкекда “#REакция“ иштирокчилари ҳукуматдан коррупцияга қарши курашни кучайтиришни талаб қилди