АҚШ ҳукумати Facebook фаолиятини тўхтатиш ҳаракатида эканини билдирди

Facebook аксилрақобатда ва монополияда айбланмоқда.

АҚШ Федерал мувофиқлаштирув органлари ва 48 штатдаги ҳукумат идоралари судга Facebook ширкатини ёпиш илтимоси билан алоҳида-алоҳида иккита даъво аризаси киритди.

Федерал савдо комиссияси (FTC) ва Нью-Йоркдаги бош прокурорлар коалицияси Facebook ширкатини аксилрақобатда ва монополияда айбламоқда. Жумладан, даъво аризаларида суддан Facebook ширкатини Instagram ва WhatsApp тармоғини сотишга мажбурлаш талаб қилинмоқда. Facebook Instagramни 2012 йилда, WhatsAppни 2014 йилда сотиб олган.

Facebook ширкатига қарши ҳаракат бошқа технологик гигантлар фаолиятига ҳам таъсир ўтказиши мумкин. Жумладан, ҳукумат идоралари бошқа йирик ширкатларга нисбатан ҳам мана шундай даъво аризаларини киритиши мумкин.

Октябрь ойида ҳукумат Google Alphabet ширкатини судга берган эди. Адлия вазирлиги 20 октябрда берган баёнотида Google шубҳасиз миллиардлаб фойдаланувчилар учун Интернетга кириш манбаси бўлиб хизмат қилаётгани, аммо ширкат рақобатчиларни бостириш учун ўз устуворлигидан фойдаланаётгани қайд этилади.