АҚШ ҳукумати Кремлни Озодлик радиосининг Қримдаги мухбирини қамоқдан бўшатишга чақирди

Владислав Есипенко "Украина фойдасига жосуслик қилганликда" айбланиб 10 март куни қўлга олинган.

АҚШ Давлат департаменти Кремлни Озод Европа-Озодлик (RFE / RL) радиосининг Россия томонидан босиб олинган Қримдаги мухбирини қамоқдан бўшатишга чақирди.

Давлат департаменти халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотларининг мухбир “телевидения орқали айбловни тан олиши учун қийноққа солинган” деган фикрига қўшилади.

“Россиянинг Қримни босиб олган ҳукумати айбловни тан олдириш мақсадида @RFERLнинг жамоатчи мухбири [Владислав] Есипенкога қийноқ қўллагани тўғрисидаги хабарлардан ташвишдамиз. Биз уни озод этишга, Россия ҳукуматини эса Қримда “мустақил овоз”ларни бўғмасликка чақирамиз”,-деб ёзди 13 апрель куни Твиттер саҳифсида Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс.

6 апрель куни Есипенконинг адвокати ўз ҳимоясидаги одам ёпиқ суд жараёнида уни электр токи билан қийнашганини, калтаклашганини ва ўлдириш билан таҳдид қилишганини айтган. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари ундан “Украина фойдасига жосуслик қилганини” тан олишни талаб этишган.

RFE / RL президенти Жейми Флай ҳам Москвани Есипенкони озод этишга ва унинг Украинадаги оиласи билан бирлашишига тўсқинлик қилмасликка чақирган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати Есипенкони Украина разведкаси фойдасига жосуслик қилганликда айбламоқда.

ФХХнинг билдиришича, тинтув пайтида Есипенконинг автомашинасидан “портловчи мосламага ўхшаган нарса” топилган. Кейинроқ журналист “ўқ отар қурол ясганлик”да айбланди. Мазкур моддага асосан у 6 йилгача қамалиши мумкин.

Есипенко билан Россиядаги телеканаллардан бирида 18 март куни интервью уюштирилган. Мазкур интервью пайтида Есипенко ўзининг “Украина фойдасига жосуслик қилгани”ни тан олган.

Адвокатнинг айтишича, Есипенкога у гапирадаган гапларни қоғозга ёзиб беришган. Унга савол берган шахслар эса журналист эмас, Есипенкони қўлга олган шахслар бўлган.