АҚШда ишлаб чиқарилаётган Novavax вакцинаси деярли 90,5 фоиз самара бергани айтилди

Novavax ўз вакцинасини рўйхатга олиш учун кейинги чоракда АҚШ ҳукуматига ариза киритмоқчи.

АҚШнинг Novavax ширкати 14 июнь куни COVID-19га қарши ўзи ишлаб чиқараётган вакцина клиник синовларнинг учинчи босқичида 90,4 фоиз самара берганини маълум қилди. Ширкатнинг билдиришича, клиник синовларда АҚШ ва Мексикада 30 мингга яқин кўнгилли иштирок этган.

Билдирилишича, вакцина коронавируснинг оғир кечишининг юз фоиз олдини олади, яъни синовда иштирок этганларнинг бирортаси коронавируснинг оғир формасига чалинмаган. Вакцина, шунингдек, COVID-19нинг янги штаммлари, жумладан, британча ёки “альфа” штаммига қарши ҳам самара берган.

Novavax ўз вакцинасини рўйхатга олиш учун кейинчи чоракда АҚШ ҳукуматига ариза киритмоқчи. Айни пайтда АҚШда Pfizer-BioNTech, Moderna ва Johnson & Johnson вакциналарига рухсат берилган.

Шу кунгача АҚШда 140 миллион киши, яъни аҳолининг 40 фоизи коронавирусга қарши эмланди. NBC телеканалининг билдиришича, айни пайтда вакцина дефицити кузатилмаётган АҚШ Novavax вакцинасини бошқа давлатларга беминнат ёрдам қатори жўнатиши мумкин.