АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги – USAID COVID-19га қарши курашиш учун Ўзбекистонга қўшимча 2,5 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда АҚШнинг Вашингтондаги элчихонаси 12 ноябрь куни маълум қилди.
Элчихонанинг таъкидлашича, бу билан Ўзбекистоннинг COVID-19га қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга АҚШ ҳукуматининг тўғридан-тўғри қўшган умумий ҳиссаси 16 миллион доллардан ошди.
USAID томонидан ажратилган сўнгги 2,5 миллион доллар Ўзбекистонда дори воситалари сифатини таъминлаш ва мамлакатда вакцинага нисбатан ишончсизликни бартараф этиш учун юқори даражадаги техник ёрдам кўрсатишга сарфланиши режалаштирилган.
“COVID-19 тарқалишига қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашдан ташқари, USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони кенгайтириш, туберкулёз ва бошқа саломатлик таҳдидларига қарши курашиш, эрта таълим бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли эҳтиёжларига жавоб беришда ҳукумат салоҳиятини ошириш бўйича ҳамкорлик қилмоқда”,- дейилади расмий хабарда.