Толибон маҳаллий ҳокимиятни тинч йўл билан топширишдан бош тортгани учун Панжшир вилоятига ўз жангариларини жўнатди. AFP агентлиги Панжшир вилоятига Толибоннинг юзлаб жангарилари йўл олгани тўғрисида хабар берди.
Афғонистон шимоли-шарқидаги мазкур вилоят Толибон босиб олмаган ягона ҳудуддир. Вилоятнинг асосий аҳолиси этник тожиклардир.
Толибон Панжшир вилоятини назорат қилиб турган Аҳмад Маъсуддан ҳокимиятни 4 соат ичида тинч йўл билан топширишни талаб қилган. Аммо Маъсуд бу талабни рад этган.
Аввалроқ Аҳмад Маъсуд “Ал-Арабия” телеканалига қон тўкилишинининг олдини олиш мақсадида Толибон билан ҳамкорликда ҳукумат тузишга тайёр эканини, аммо Толибон бунга кўнмаса, қон тўкилиши мумкинлигини айтган эди.
1980-1990 йилларда мужоҳидлар лидери, кейинроқ Афғонистон мудофаа вазири бўлган Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг ўғли Аҳмад Маъсуд Франциянинг La Règle du Jeu журналида чоп этилган мактубида Толибонга қаршилик кўрсатиш ҳаракатига асос солганини ёзди.
Афғонистон собиқ биринчи вице-президенти Амрулло Солиҳ ва маршал Абдурашид Дўстум тарафдорлари ҳам Аҳмад Маъсудга қўшилгани хабар қилинди.