Байден АҚШнинг Россиядаги собиқ элчисини Марказий разведка бошқармаси раҳбарлигига тайинламоқчи

Бернс 2005-2008 йилларда АҚШнинг Россиядаги элчиси бўлган.

АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден Вашингтоннинг Москвадаги собиқ элчиси Уильям Бернсни Марказий разведка бошқармаси - МРБ раҳбари лавозимига тайинламоқчи эканини билдирди.

“Билл Бернс жаҳон даражасида бизнинг одамларимиз ва мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп йиллик тажрибага эга бўлган намунали дипломатдир”,-деди Байден 11 январь куни бу борада қилган билдирувида.

Байденга кўра, Бернс “разведка сиёсатдан ташқари бўлиши шарт”, деб ҳисоблайдиган шахсдир.

33 йиллик дипломатик фаолияти давомида Бернс АҚШнинг Иорданиядаги элчиси сифатида ҳам ишлаган. У 2015 йилда Эроннинг халқаро ҳамжамият билан ядровий шартномани имзолашига туртки бўлган махфий сўзлашувларда асосий музокарачи сифатида иштирок этган.

64 ёшли дипломат айни пайтда “Карнеги фонди жаҳондаги тинчлик учун” марказининг президенти лавозимида ишламоқда.