20 январь куни ўз лавозимига киришган АҚШнинг 46-президенти Жо Байден 26 январда Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Мулоқот Жо Байден ташаббуси билан уюштирилди.
Оқ Уйнинг билдиришича, Байден Кремль танқидчиси Алексей Навальнийнинг қамоққа олинганидан ташвиш билдирган. Шунингдек, Байденнинг ядровий қуролларни қисқартириш шартномаси муддатини яна 5 йилга узайтириш ташаббуси муҳокама қилинган.
АҚШ президенти Украина масаласига ҳам тўхталиб, Вашингтон “Россия агрессия қилаётган бир паллада” Украина ҳудудий яҳлитлигини қатъий равишда қўллаб-қувватлашини билдирган.
Associated Press агентлиги манбалирининг билдиришича, Байден Путинни Москванинг бирорта агрессив ҳаракати жавобсиз қолмаслиги ҳақида огоҳлантирган.
Кремль матбуот хизмати эса АҚШ ва Россия президентлари ядровий қуролларни қисқартириш шартномаси муддатини 5 йилга узайтириш масаласида ўзаро ноталар билан алмашинилганидан қониқиш билдирганларини маълум қилди.
Кремлга кўра, икки президент пандемияга қарши самарали курашиш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган. Путин Байденга Россия Вашингтон билан муносабатларни яхшилашдан манфаатдор эканини билдирган.
Кремль расмий билдирувида томонлар Навальний ва Украина масаласини муҳокама қилгани ҳақида маълумот берилмади.