Болгарияга ошпазликка ишга юборилган ўзбекистонликлар ошхонада идиш-товоқ ювди

Иллюстратив сурат.

Тошкентлик Жасур Йўлдошев, бухоролик Жамшид Одинаев, наманганлик Азимжон Соатов Болгариянинг Варна шаҳрига ишга келиб ишсиз қолишди. Бу ҳақда Озодликка уларнинг ўзлари гапириб бердилар.

Айтишларича, уларни Тошкентдаги Work in world хусусий бандлик агентлиги ойига 400 евродан ойлик, 150 евродан овқат пули ва бепул ётоқ берилишини ваъда қилиб, Болгарияга ишга жўнатган. Муҳожирларнинг билдиришича, Болгарияга келганларидан сўнг берилган ваъдалар пучлиги аниқ бўлган - улар ишсиз қолган.

Бироқ Work in world хусусий бандлик агентлиги муҳожирларнинг берган бу иддаоларини инкор қилди. Агентлик вакилига кўра, юқорида номи тилга олинган муҳожирларнинг ишсиз қолишига уларнинг "дангасалиги сабаб бўлган".

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Болгарияга ошпаз сифатида ишга юборилган ўзбекистонликлар идиш-товоқ ювмоқда


"400 евро у ёқда турсин, 300 евро ҳам ишлай олмадик"

- Мени ошпаз ёрдамчиси бўлиб ишлайсан, дейишган эди. “Тилчи?” десам, “Шарт эмас, болгарлар рус тилини билишади”, деб айтишган. Ошпазлик тажрибам йўқлигини ҳам айтганман, аммо бу муҳим эмаслигини айтишиб, 400 евро ойлик, 150 евро овқат пули ва бекор ётоқ берилишини ваъда қилишган. Худога шукур, бекор ётоқ беришди. Аммо бизни идиш-товоқ ювишга қўйишди, туалетни ҳам тозалаттиришади.Пул йўқ. Овқатга 50 лев (тахминан 28 доллар-таҳр.) беради, у ҳеч нарсага етмайди, - деди Жасур Йўлдошев.

У бухоролик Жамшид Одинаев, наманганлик Азимжон Соатов билан Варна шаҳрига 2020 йилнинг 16 январида келган ва 19 январдан бу ердаги Happy ошхоналар тармоғидан бирида иш бошлашган.

Жамшид Одинаевнинг айтишича, қилаётган ишлари учун ваъда қилинган 400 евродан анча кам, 200 евро ҳақ олишларини билганларидан сўнг, ишдан кетиб, ҳозирда ишсиз бўлиб қолишган:

- Бу ерда 14-15 соат ишласак ҳам ойлигимиз 400 еврога етмас экан. Овқатга бериладиган 150 лев (84 доллар) ҳар куни бир маҳал овқатлансангиз бир ойга етади. Кунига икки-уч марта овқатланишга етмайди. Бизга соатига 3,5 левдан беришар экан. Ҳафтасига бир кун дам олиб, кунига 10 соатдан ишласак, турли тўловларни чиқариб ташлаганда 300 еврога яқин ойлик олар эканмиз. Менга Болгарияга келиш учун берган пулимни агентлик қайтариб берсин, билет олиб берсин, уйга қайтаман. Чунки бундай ойликка ишлаш бефойда.

Шу ўринда айтиш лозимки, бу уч муҳожирнинг ҳеч бири ошпазлик малакасига эга эмасликларини билдиришди.

"Ошпазлик ўрнига идиш-товоқ ювдиришиб, ҳожатхона тозалаттиришди"

Бироқ Work in world хусусий бандлик агентлигининг ўзини Жасур деб таништирган вакили муҳожирлар берган бу маълумотларини инкор қилди. Агентлик вакилига кўра, юқорида номи тилга олинган муҳожирларнинг ишсиз қолишига уларнинг "дангасалиги сабаб бўлган":

- Агентлигимиз Болгарияга 40 нафар одамни ошхоналарда ишлаш учун жўнатган. Азимжон Соатов масаласида, айтишим мумкинки, ошпаз ёрдамчиси бўлиб ишлаётган эди. Лекин бу ишни эплолмагани учун иш берувчи уни идиш-товоқ ювишга ўтказган. Азимжон ака билан ўзим гаплашдим, унга ҳозир Болгарияда бошқа, ўзига муносиброқ иш қидираяпман. Биз жўнатган 40 одамдан уч-тўрттасигина мана шундай норозичилик билдираяпти. Булар яхши ишлолмагани оқибатида Болгариядаги иш берувчи томонидан ишдан четлаштирилган. Болгариялик иш берувчининг бу ҳақда менга ёзган билдируви бор. Қолганлар яхши ишлаб, ойига 400-500 евродан иш ҳақи олишаяпти, улардан ҳали бирорта шикоят тушган эмас, менда ўзимизнинг тўғрилигимизни исботловчи барча ҳужжатлар мавжуд. Агар норозилар Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлишса, марҳамат, самолётга билетларни сотиб олиб берамиз.

Айни пайтда муҳожирлар агентлик билан имзолаган шартноманинг 4.3. бандида “Фуқаронинг ойлик иш ҳақи миқдори чет эл давлати ҳудудида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаслиги лозим”, ва 4.5. бандида иш вақти “чет эл давлати меҳнат қонунлари билан белгиланган иш вақти давомийлигидан ортиқ бўлмаслиги лозим” деб белгиланган.

Очиқ манбалардан маълум бўлишича, бугунги кунда Болгарияда энг кам ойлик иш ҳақи миқдори 610 левни (379, 79 доллар) ёки соатига 3,66 левни ташкил қилади.

Хусусий бандлик агентликлари устидан шикоятлар кўп

Озодлик бундан олдин ҳам хусусий бандлик агентликларидан норози бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳақида ёзган эди.

Озодликка келаëтган шикоятлар ортидан¸ бундай агентликларнинг бир қанчаси фаолияти тўхтатилди¸ уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, айрим агентликларнинг раҳбарлари эса судланди.

Жумладан, Human хусусий бандлик агентлиги раҳбари Шоҳинур Файзуллаев 27 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди ҳукми билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Бундан ташқари Тошкент шаҳрида жойлашган Korean&Migrations хусусий бандлик агентлигининг уч раҳбари ҳибсга олингани айтилган.

Озодликка мурожаат қилганларнинг даъвосига кўра, Korean&Migrations уларни Жанубий Кореяга ишга юбориш ваъдаси билан ҳар бир кишидан 32 миллион 400 минг сўм миқдорида ҳақ олган, аммо ваъда қилинган муддат якунига етса ҳам, ҳеч ким чет элга ишга юборилмаган.

Озодлик радиосига 2019 йилнинг 25 декабрида Литвада ишлаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик муҳожирлар мурожаат қилиб, "Амили Баҳора" хусусий бандлик агентлигига алданиб қолганларини айтган эдилар.

Муҳожирларга кўра, агентлик уларни Германияга ишга ёллаган, аммо Литвага жўнатган. Бу ерда муҳожирлар иш билан таъминланмай, чиқиндихонада жон боқишга мажбур бўлишганини айтишган.

Шундан сўнг Ташқи миграция масалалари бўйича агентлик ўзбекистонликларни ортга қайтарган ҳамда "Амили Баҳора" ширкати уларнинг айримларига тўлаган пулларини қайтариб берганди.

Аввалроқ Ўзбекистонда иш қидираётган шахсларга чет элдан иш топиб бериш мақсадида лицензияга эга бўлган 65 та хусусий бандлик агентликларидан 30таси бирорта ҳам фуқарони хорижий давлатларга ишга юбормагани маълум қилинган эди.