Беларусда намойишлар 4 ойдан бери тўхтамаяпти

Беларус хавфсизлик кучлари ходимлари.

Беларус хавфсизлик кучлари 6 декабрь куни мамлакат бўйлаб президент Александр Лукашенкога қарши ўтган митингларда камида уч юз кишини қўлга олди.

Минск ва бошқа шаҳарларда норозилар ўз мавзеларида “Қўшнилар марши” деб аталган намойишларни ўтказдилар.

Беларус мухолифати намойишларни марказлаштирилган тарзда ўтказиш ғоясидан воз кечиб, айни кунларда мавзеларда митинглар ўтказиш стратегиясини танлаган.

Беларусда 9 августда ўтган президентлик сайловида амалдаги президент Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилинганидан бери деярли ҳар куни минлаб одамлар намойишга чиқмоқда. Намойишлар 4 ойдан бери давом этмоқда.

Лукашенко мамлакат учун конституциявий ислоҳот зарурлигини айтиб, Беларусь конституциясига ўзгартишлар киритилганидан кейин лавозимдан кетишини айтмоқда.

Бироқ бундай ўзгартишлар айнан қачон киритилиши ва нималарни ўзида акс эттириши маълум эмас, Лукашенко лавозимдан кетиши лозим бўлган сана ҳам белгиланмаган.