Беларусь президенти журналистларга рухсат берилмаган акцияларни ёритишни тақиқлади

Минскдаги норозилик намойишларидан бири.

Беларусь президенти Александр Лукашенко ОАВ ва оммавий тадбирлар тўғрисидаги қонунларга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Ўзгартишларга асосан бундан буён Беларусда “амалдаги тартиб-қоидаларга амал қилинмаган ҳолда ўтказилаётган оммавий тадбирларни жонли тарзда ёритиш”тақиқланади.

Янги қонунга асосан ҳар қандай оммавий тадбир ташкилотчилари тадбирни ўтказиш учун маҳаллий ҳокимиятларнинг рухсатномасини олиши шарт. Фуқароларга оммавий тадбир ташкилотчиларига солинган жарималарни тўлаш учун пул тўплаш тақиқланади.

Шунингдек, журналистларга ҳукумат органлари билан келишилмаган ҳолда ижтимоий сўров натижаларини эълон қилиш ҳам мумкин эмас.

Беларусда 2020 йилнинг августида ўтган президентлик сайловларида Лукашенко ғолиб чиққани эълон қилингани ортидан мамлакатда бир неча ой давомида кўп минг кишилик норозилик намойишлари ўтказилган эди.

Намойишлар пайтида ўн минглаб норозилар билан бир қаторда, Беларусь журналистлар ассоциацияси маълумотларига қараганда, 550 нафар журналист ҳам қўлга олинган. Айни пайтда уларнинг 27 нафари жиноий ва маъмурий ишлар доирасида ҳибсда сақланмоқда.