Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўзининг вафот этган маслаҳатчиси Ягшигелди Какаев номини абадийлаштиришни буюрди берди. Туркманистон ҳукумати ва давлат матбуоти Какаев ўлими ҳақида ҳалигача хабар бергани йўқ.
Ўтган йилнинг ёзида Turkmen.news нашри Какаев коронавирус инфекциясидан вафот этгани тўғрисида хабар берган эди.
12 февраль куни бўлиб ўтган Туркманистон Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғинида президент Бердимуҳамедов мамлакат парламентига Ашхободдаги Халқаро нефть ва газ университетига Ягшигелди Какаев номини бериш масаласини кўриб чиқишни буюрган.
Туркманистон сиёсий элитасининг энг нуфузли аъзоларидан бири ҳисобланган 61 ёшли Какаев ўлимига қадар икки ярим йил давомида президентнинг нефть ва газ масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.
У 2007 йил бошидан, яъни Бердимуҳамедов ҳокимият тепасига келганидан бошлаб Туркманистон энергетика соҳасида юқори лавозимларни эгаллаб келган.
Шунингдек, Какаев карьераси давомида нефть-газ комплекси бўйича бош вазир ўринбосари ҳамда «Туркмангаз» давлат концерни раиси лавозимларида ишлаган.