Қирғизистон билан Тожикистон ўртасида апрелнинг сўнгги уч кунида бўлиб ўтган қуролли тўқнашув 1 май куни тўхтади. Шу куни кечга яқин икки қўшни давлат хавфсизлик хизматлари раҳбарлари ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришилганини эълон қилди.
Бишкек билан Душанбенинг қўшма баёноти эълон қилинмай туриб – 1 майга ўтар кечасиёқ можарони бартараф этишда Тошкент, шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг роли катта бўлгани тўғрисидаги фикрлар ўзбек оммавий ахборот воситаларида эълон қилина бошлади.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди васийлар кенгаши раиси Комил Алламжонов 1 майга ўтар тунда, соат 1 дан 1 дақиқа ўтганда Телеграм-каналида эълон қилган постида, жумладан, бундай ёзди:
“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари ва шахсий аралашуви натижасида бугун бу муаммо барҳам топди. Тожикистон ҳамда Қирғизистон Президентларининг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашиб, ўзаро муросага эришилди”.
Бу пост эълон қилинганидан қарийб 16 соат ўтиб, 1 май куни кечга яқин Қирғизистон ва Тожикистон хавфсизлик хизматлари раҳбарлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимовлар томонлар ўт очишни тўхтатишга келишиб олгани тўғрисида баёнот берди.
Ўз пости давомида Комил Алламжонов президент Мирзиёевга мана бундай баҳо берган:
“Ўзбекистон Раҳбари дунё ҳамжамияти кўз ўнгида Марказий Осиё минтақасидаги ўз овозига эга, энг авторитет шахс, вазиятни барқарорлаштира оладиган лидер сифатида намоён бўлди”.
Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновнинг бу пости ортидан худди шундай мазмундаги постлар, мақолалар кўплаб эълон қилинмоқда.
Реакциялар хроникаси
Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги қуролли тўқнашув 28 апрелда бошланди ва бу воқеага биринчи бўлиб Ўзбекистон ТИВ муносабат билдирди:
29 апрель. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги икки қўшнини зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди.
30 апрель. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев томонларни ўт очишни тўхтатишга чақирди.
29 апрель. Бирлашган миллатлар ташкилоти бош котибининг расмий вакили Фархан Хак халқаро ташкилот қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятни ташвиш билан кузатиб турганини билдирди.
30 апрель. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали сўзлашув ўтказди. Ўзбекистон раҳбари шу куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди. Мулоқотлар чоғида чегарадаги вазият муҳокама қилингани хабар қилинди.
30 апрель. Россия ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда Россия тожик-қирғиз чегарасидаги вазиятни диққат билан кузатаётгани, икки қўшни мамлакат ўртасида ўт очишни тўхтатиш ва чегара масалаларини сиёсий йўллар билан ҳал қилишга келишиб олинганини қувватлаши билдирилди.
Худди шундай баёнотни 30 апрелда Европа Иттифоқининг ташқи алоқалар хизмати ҳам эълон қилди.
30 апрелга ўтар кечаси Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Саймумин Ятимов билан Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги мухтор вакили Ўмурбек Суваналиев ўртасида ўт очишни тўхтатиш, ҳарбийларни ва ҳарбий техникани чегарадан доимий жойига олиб чиқиб кетиш тўғрисида келишувга эришилгани хабар қилинган эди.
30 апрель. Қирғизистон президенти Садир Жапаров Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали сўзлашув ўтказди.
"Давлат раҳбарлари икки мамлакатнинг чегара ҳудудларида вазиятни нормаллаштириш бўйича келишувларнинг бажарилишини кўриб чиқишди", дейилади Тожикистон президенти маъмурияти расмий сайтида эълон қилинган расмий хабарномади.
1 май. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали сўзлашув ўтказди.
1 май Қозоғистон президенти Қасим - Жомарт Тоқаев тўқнашувда қурбон бўлганлар муносабати билан Қирғизистонга ҳамдардлик билдирди.
1 май. Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев ҳамда Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан телефон орқали сўзлашув ўтказиб, икки қўшни ўртасидаги вазиятни муҳокама қилди.
Тошкентни нима ташвишга солди?
Тожикистон-Қирғизистон чегарасида юз берган қуролли тўқнашувга реакциялар хроникасидан Ўзбекистон кўпроқ эътибор бергани кўриниб турибди.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Тошкентнинг кўпроқ ташвишга тушгани бежиз эмас:
“Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги тўқнашувларнинг давом этиши Ўзбекистоннинг минтақавий ва миллий манфаатларига ўта жиддий муаммо яратган бўлур эди. Агар бу икки қўшни давлатдаги тўқнашувлар тўлақонли уруш ҳолатига етганида, Россия ва унинг ҳарбий-хавфсизлик лойиҳаларининг минтақага кириб, ўрнашиши учун ўта қулай имконият бўлиши мумкин эди. Урушнинг давом этиш хавфидан қўрққан қўшни давлатлар ҳам, Москванинг бу таклиф ва босимларига рози бўлиш эҳтимоли ошар эди”.
Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Феликс Кулов президент Жапаровни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига мурожаат қилиб, қирғиз-тожик чегарасига КХШТ тинчликни сақловчи кучларини киритишни сўрашни таклиф қилган. Ҳар икки мамлакатда Россия ҳарбий базалари жойлашган.
"Ўзбекистон - яхши қўшни, лекин босим ўтказиш имкони йўқ"
Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Ўзбекистоннинг стратегик манфаати Марказий Осиё минтақасида ташқи қудратли кучларнинг, жумладан, Россиянинг ҳарбий иштироки бўлмаслиги ҳисобланади, бу минтақа давлатларининг геосиёсий мустақиллиги шарти сифатида кўрилади.
“Ўзбекистон шу пайтгача бу икки давлат билан муносабатларни тўлиқ ижобийлаштиришга эришганди. Расмий Тошкент Қирғизистон янги ҳокимияти – Жапаров маъмуриятини легитимлаштиришда ташаббус кўрсатди. Тожикистон билан эса, алоқалар мутлақ ижобий тус олган. Яъни, Ўзбекистон бу икки тараф томонидан ҳам самимий-нейтрал қабул қилинди, у ёки бу давлат тарафдори сифатида кўрилмади”, деди Раббимов.
Айни пайтда, сиёсатшуноснинг фикрича, “Ўзбекистоннинг икки томонни яраштиришга, урушни тўхтатишга интилиши – тўқнашувларнинг тўхташига ягона сабабчи омил бўлди дейиш – вазиятни соддалаштириш бўлади. Чунки Ўзбекистоннинг бу икки қўшни давлат билан алоқалари ижобий, лекин, босим ўтказиш иродаси ва имкониятлари йўқ”.
Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Бишкек билан Душанбе ташқаридан аралашувсиз ҳам тўқнашувни узоққа чўзиш ниятида эмас эди:
“Ўзбекистон ўзининг миллий манфаатларидан келиб чиқиб, тўқнашувларни тўхтатишга интилди, лекин икки қўшни давлатларнинг ўзлари ҳам шу бугунги ҳолатда бир-бирига маълум сигналлар бериш билан чекланиш ниятида эди. Яъни, бу икки қўшни давлатларнинг ўзлари давомли ва тўлақонли урушдан манфаатдор эмас”.
Можарога барҳам беришда президент Мирзиёевнинг ролига маҳаллий таҳлилчилар ошиғич эътибор бераётгани тўғрисида Камолиддин Раббимов бундай деди: “Ҳа, бу бор гап. Бу барча давлатларда кузатиладиган ҳол”.
"Мирзиёевнинг ҳам, Тоқаевнинг ҳам хизмати бор"
Икки қўшни давлат ўртасидаги қуролли тўқнашувни тўхтатишга бошқа қўшниларнинг қўшган ҳиссаси тўғрисида фикр билдирган яна бир таҳлилчи, Озод Европа/Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Брус Панниер бундай деди:
“Бу жараёнда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳамда Қозоғистон президенти , нинг муайян хизмати бор, албатта. Иккаласи ҳам Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари билан можаро бошланиши биланоқ боғланишди”.
Брус Панниернинг фикрича, президентлар бу мавзуни яқин орада шахсий учрашувларида яна муҳокама қилади:
“Президент Қасим-Жомарт Тоқаев майнинг ўртасида, президент Мирзиёев июннинг бошида Тожикистонга боради ва қирғиз-тожик чегарасидаги ҳарбий ҳаракатлар Эмомали Раҳмон билан сўзлашувларда энг муҳим мавзу бўлади”.
Таҳлилчи Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги махсус вакили Питер Бурианнинг ҳам Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари билан доимий мулоқотда бўлиб, вазиятни юмшатишга қаратилган ҳаракатларига эътибор қаратди.
Брус Панниер Россия президенти тутган позиция тўғрисида бундай деди:
"Владимир Путин Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги мулоқотга воситачилик қилишда ўз ёрдамини таклиф қилди. Бироқ Россиянинг икки қўшни ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларга реакцияси ўта заиф бўлди ва шундай вазиятда, айниқса, Қирғизистон ҳукумати ўзига Россия холис воситачи бўла оладими, деган саволни бериши керак".
28, 29, 30 апрель ва 1 май кунлари тожик-қирғиз чегарасида тўқнашувлар бўлиб, натижада иккала томондан бир неча ўнлаб одам ҳалок бўлди ва жароҳат олди.