Бишкекда митинг тартибсизликка айланди. 22 киши жароҳатланди, 166 киши қўлга олинди

Тартибсизликлар пайтида қўлга олинганларнинг 4 нафари ҳибсда қолдирилди.

Бишкекда 2 март куни ўтган митинг пайтида юз берган тартибсизликларда турли жароҳатлар олган 22 киши касалхоналарга мурожаат қилди. Уларнинг асосий қисми милиция ходимларидир. Тартибсизлик пайтида 166 одам қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 3 март куни маълум қилди.

Расмий маълумотга кўра, қўлга олинганларнинг 162 нафари шахси аниқланганидан сўнг қўйиб юборилган, 4 нафари ҳибсга олинган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 264 -моддаси (оммавий тартибсизликларни уюштириш) асосида айблов билдирилиши мумкин.

2 март куни 2017 йилда озодликдан маҳрум қилинган собиқ парламент депутати Садир Жапаровнинг минглаб тарафдорлари Бишкек бош майдонига йиғилиб, уни озод қилиш талаби билан митинг ўтказди. Митинг милиция билан тўқнашувларга айланиб кетди.

Митинг ташкилотчилари сифатида Қирғизистон парламенти собиқ депутати Қанибек Ўсмоналиев ва қамоқдаги депутат Садир Жапаровнинг акаси Сабир Жапаров қўлга олинди.

- Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига Қанибек Ўсмўналиев, Сабир Жапаров ва бошқалар олиб келинди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 39- моддаси, “Ҳокимиятни куч билан босиб олишга ҳаракат” бўйича реестрга олинди. Ҳозир тергов ишлари кетмоқда – деди МХДҚ матбуот котиби Рахат Сулайманов.

Бишкекдаги Ала-Тоо (Олатоғ) майдонида 2 март куни Садир Жапаров тарафдорларига маҳаллий ҳокимият соат 17. 00 гача митинг ўтказишга рухсат берган эди. Аммо белгиланган вақтда митинг якунланмагани ортидан соат 18 да милиция норозиларни тарқатишга уринган. Шу пайтда милиция ва митингчилар ўртасида тўқнашувлар бошланган.

Милиция махсус воситалар, жумладан, ёш оқизувчи газ ёрдами билан митингчиларни майдондан чиқариб юборишга уринди. Тартибсизликлар пайтида митингчилар милиция ходимларини тошбўрон қилган. Милиция майдон атрофидаги тўртта кўчадан митингчиларни қува бошлаганидан сўнг, митингчилар мазкур кўчаларда турган автомашиналарни ҳам тошбўрон қилиб, ойналарини ва чироқларини синдиришган.

Милиция кўплаб кафе ва ресторанлар жойлашган Ўрўзбеков кўчасида хўрандалар ва ходимлардан ташқарига чиқмаслик ҳақида овоз кучайтиргичлар орқали илтимос қилган.

Ички ишлар вазирлигига кўра, айни пайтда Бишкекда вазият барқарор. 3 мартга ўтар кечаси тинч ўтган.

Садир Жапаров 2017 йилнинг 25 мартида 2013 йилда Иссиқкўл вилоятида Қумтор олтин конини миллийлаштириш талаби билан тартибсизликларга айланиб кетган митингни уюштирганликда айбланиб қамоққа олинган эди.

Садир Жапаров Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди ҳукми билан одам ўлдиришга уриниш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш, бебошлик ва ҳокимият вакилини гаровга олишда айбдор деб топилиб, 11 йил 6 ойга қамалган.

2 март кунги милиция маълумотига кўра, 800 киши, уюштирувчиларга кўра 5000 киши қатнашган митинг иштирокчиларини хавфсизлик кучлари куч ишлатиб тарқатди.

Қирғизистон пойтахтида содир этилган тартиббузарликлар давомида автомашиналар, корхона-ташкилотлар биноларига зарар етди.