Қирғизистон фуқаролари ҳукумат тузилмаларига Қозоғистоннинг Олмаота аэропортида бир неча ойдан бери қаттиқ текширувларга дучор бўлаётганларидан шикоят қилмоқдалар.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
-Мени бу текширув жуда ҳайратга солди. Алоҳида бир хонага олиб кириб олиб “Йигитинг борми?”, “Бишкекда қаерда яшайсан?” каби саволларни беришди. “Буларнинг сизга алоқаси йўқ”, десам, “Шунчалик ақлли бўлсанг сени рейсга чиқармай, саккиз соат мана шу жойда сақлаб турамиз”, деб устимдан кулишди. Телефонимнинг IMEI кодлари ва шахсий маълумотларимни ёзиб олишди. Ростини айтсам, менга экстремистик адабиёт ёки наркотик ташлаб қўйишади, деб жуда қўрқдим, - деди ўзини Нуржамал деб таништирган Қирғизистон фуқароси.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги аҳолидан тушаётган бу каби шикоятларни ҳисобга олган ҳолда Қозоғистонга тушунтириш сўраб, норозилик нотаси юборди.
Қозоғистон ҳукукмати бу нотага тезликда жавоб қайтариб, Олмаота аэропортидаги текширув Қозоғистон хавфсизлигини таъминлаш, экстремистик гуруҳ аъзоларини аниқлаш мақсадида кучайтирилганини билдирган. Бироқ Қирғизистон ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Асқар Бешимов бу каби текширувларни халқаро шартномаларга зид, деб ҳисоблайди.
-Бу муаммо нота жўнатиш билангина ҳал этилмайди. Давлатларимиз ўртасида чегарадан ўтиш тартиби тўғрисида шартнома имзоланган. Қирғизистон фуқаролари мана шу шартномага мувофиқ муайян шартлар асосидагина текширилиши лозим. Бу шартнома қандай бажарилаётганини эса Қирнғизистон чегара хизмати назорат қилиши керак. Бундай қаттиқ текширувлар коррупция билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин, -деди Асқар Бешимов.
Бу масала 29 май куни Қирғизистон парламентининг Халқаро алоқалар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитасида ҳам муҳокама қилинди.
- Депутат Жанибек Бакчиев бу маслада ҳисобот берди. У Олмаотага учиб бориб, ўзи чегарадан ўтди. Вазият билан жойида танишди. Қозоқ чегарачилари Қирғизистон фуқароларининг паспортларини тўплаб олиб, уларни чегарадан ўтказмай қийинчиликларга дучор қилаётганига гувоҳ бўлибди. Бундай ҳолат коррупция билан боғлиқ, деб ўйлаймиз. Уларнинг ходимлари одамлардан пул олиш мақсадида мана шундай вазиятни келтириб чиқармоқда. Бу каби ишлар икки давлат ўртасидаги муносабатларга путр етказади,- деди парламент депутати Абдуваҳаб Нурбаев.
Депутатнинг айтишича, парламент Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига Олмаота аэропортида қирғизистонликларнинг бу тарзда хўрланиши сабабларини ўрганиш тўғрисида топшириқ берди.